Жаҳон | 10:40 / 04.01.2018
11235
3 дақиқада ўқилади

Навальний қандай қилиб коррупцияга қарши курашни модага киритди? 

Фото: РИА "Новости"

Владимир Путиннинг асосий рақиби, президентлик сайловларида иштирок этишига тақиқ қўйилган Алексей Навальний бир неча йилдан бери коррупциялашган ҳукуматга қарши курашнинг асосий тимсоли бўлиб келмоқда, деб ёзади Liberation журналисти Анаит Мирижанян.

"Учувчисиз учар қурилма Тосканадаги ажойиб узумзорлар ва зайтунзорлар узра парвоз қилмоқда. Камера XVII асрда қурилган чиройли вилла ҳамда 100 гектар майдонни қамраб олган. Бу ҳайратланарли узумзорлар италиялик нуфузли оилага эмас, балки Россия бош вазири Дмитрий Медведевга тегишли. У ғалати сиёсатчи ҳисобланиб, бироз оддийдек кўринади ҳамда янги технологиялар билан жиддий қизиқувчи кишидек тасаввур уйғотади", - дейилади мақолада.

Кенг оммага номаълум бўлган ушбу маълумотлар Алексей Навальний томонидан Россиядаги коррупцияга бағишланган ҳисоботлардан бирида эълон қилинди. Адвокат ва кўпроқ миллатга урғу берувчи блогер бугун Владимир Путиннинг асосий сиёсий мухолифатчиси саналади, бироқ у аввал элитадаги коррупция бўйича текширувлари билан машҳур бўлиб кетди. У ҳукуматга босим ўтказиш ҳамда мамлакатни сиёсий ўтиш жараёнига ундашга ҳаракат қилмоқда. "Унинг Коррупция билан кураш жамғармаси шуни аниқладики, Медведев мамлакатнинг ҳамма жойида, шунингдек хорижда кўчмас мулкка эга", - дея таъкидлайди муаллиф.

Бундай текширувлар Навальнийнинг асосий кучли томони ҳисобланади. 2011 йилда ташкил этилган Коррупцияга қарши кураш жамғармасида 40 киши ишлайди, улар коррупцияга доир далилларни қидиради ҳамда Тергов қўмитаси, прокуратура ва давлат муассасаларига аризалар беришади. Ташкилот ходимлари ҳамда кўнгиллилар йўлларнинг ёмон ҳолати ва бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш билан кураш бўйича лойиҳалар билан шуғулланадилар. Юридик бўлим эса қонун лойиҳаларини ишлаб чиқади, даъво аризаларини тақдим этади ва суд жараёнларида иштирок этади. Бу фаолиятнинг барчаси краудфандинг ёрдамида молиялаштирилади. Шу билан бирга, шаффофлик учун курашаётган Навальний аноним ёрдам пуллардан бош тортмоқда, деб ёзади Мирижанян.

"Навальнийнинг текширувлари жамоатчилик орасида катта шов-шув келтириб чиқарди. Бош вазирнинг кўчмас мулки билан боғлиқ очиқланган маълумотлардан сўнг, Россиянинг кўплаб шаҳарларида митинглар бўлиб ўтди. Ўн минглаб одамлар, жумладан кўплаб ўсмирлар ва талабалар 26 март куни ташкиллаштирилган митингда қатнашди. У 2013 йилдан сўнг Кремлга қарши қаратилган энг йирик шундай акцияга айланди. Пойтахтда 600 дан ортиқ киши ҳибсга олинди – бу яна бир тарихий рекорд", - дейилади мақолада.

Мавзуга оид