Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ўтказиладиган маданий тадбирларнинг "Ягона тақвим"и тузилади
Ўзбекистонда ўтказиладиган турли маданий тадбирларнинг "Ягона тақвим"и ишлаб чиқилади. KUN.UZ мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов берган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Мана, куни кеча Деновда палов тайёрлаш тадбири ташкил қилинди, лекин уни кўпчилик билмади, билганлар ҳам 2-3 кун қолганда хабардор қилинди. Агар шундай тадбирларни олдиндан режалаштириб қўйсак, кўпчилик бундан хабар топади.
Туман, вилоят даражасида ўтказиладиган бундай тадбирлар жуда кўп. Биз бу борада маҳаллий ҳокимиятлар билан ишлаб, уларга ўз таклифларимизни билдирдик. Келгусида Ўзбекистонда "Ягона тақвим" тузилиб, унга асосан режа бўйича ҳаракат қилиниши йўлга қўйилади", - деди А.А.Абдуҳакимов.
Қўмита раиси шунингдек "Кластерлар"га ҳам алоҳида тўхталиб қуйидагиларни маълум қилди: "Кластерлар" бўйича республика миқёсида 44 та ҳудуд танлаб олинди. Бу асосан иқтисодий нуқтаи назардан у қадар яхши ривожланмаган ҳудудлар, яъни узоқ қишлоқларимиз. Биз шундай таклиф қилмоқчимизки, маҳаллаларимизда кўчаларни эски тарзда сақлаб қолинса, яъни деворлари ҳаммаси лойсувоқ бўлиши керак, томини шифр қилиш керак эмас, имкон қадар турли замонавий антенналарсиз ва ҳ.к. Уй ичи замонавий бўлса-да, ташқи томонини аслича сақлаб қолиш керак. Бундай уйларга сайёҳлар жалб қилинади, уй эгаларининг даромадлари кўпаяди, керак бўлса, уларга давлат томонидан субсидиялар ажратилиши кўриб чиқилади".
Бундан ташқари, А.Абдуҳакимов экотуризм деганда сайёҳлар замонавий нарсаларни хоҳламаслиги, уларни айнан ноодатийлик қизиқтиришига эътибор қаратди. "Бизда баъзилар уялиши мумкин, лекин чет элликларга шу қизиқ, улар шундай жойда яшаб кўрмоқчи. Шунинг учун "Кластерлар"да айнан шу концепцияни илгари суриш керак", - дея фикрини якунлайди у.
Мавзуга оид
16:47 / 19.06.2026
Тошкент вилоятида экология масъулларига қатъий чоралар кўрилди
12:02 / 18.06.2026
“Шовқин ва чангдан зада бўлдик” – портлатиш ишлари туризм қишлоғига тинчлик бермаяпти
11:00 / 12.06.2026
Ўзбекистонда ҳар йили “Очиқ туризм мавсуми” дастури ўтказилади
18:31 / 09.06.2026