21:10 / 16.01.2018
107023

Андижонда хорижий инвестор мулкини ким тортиб олди? Бунга ҳақи борми ўзи?

Яқиндагина сайтимизда Қарши шаҳар ҳокимлиги Президент қарорини рўкач қилиб, тадбиркор фойдаланаётган ер майдонини тортиб олаётгани ҳақида журналистик суриштируви ўтказган эдик. Буни қарангки, шунга ўхшашроқ ҳолат Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида ҳам юз бермоқда. Фарқи — ҳокимлик тортиб олмоқчи бўлаётган мол-мулк хорижий инвесторники…

Таҳририятимизга Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги «SIBUZ INVEST» МЧЖдан келган мурожаат эътиборимизни тортди ва ушбу мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ўтказишни мақсад қилдик.

Даставвал, муаммо юзага келган нуқтага эътибор қаратсак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар томонидан республикадаги мавжуд, фойдаланилмай ётган, бироқ хусусийлаштирилган бинолар рўйхати тузилди.

Унга кўра, Андижон вилояти Хонобод шаҳри, Ишчилар кўчаси 1-уй манзилида жойлашган, собиқ «Тарандубитель» чарм-атторлик ишлаб чиқариш бирлашмасининг бино ва иншоотлари ва қарийб 4 гектарлик ер майдонига ҳозирда эгалик ҳуқуқи берилган «SIBUZ INVEST» масъулияти чекланган жамияти ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.

«SIBUZ INVEST» МЧЖнинг бу рўйхатдан ўрин олиши адолатданми? Келинг, ўрганиб чиқайлик.

1994 йилда «Тарандубитель» ИЧБ Давлат рақобат қўмитаси томонидан давлат тасарруфидан чиқарилади. Таъкидлаш керак, айни жараён давлат рақобат қўмитаси экспертлар гуруҳининг хулосаси асосида ўша вақтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига тўла мувофиқ тарзда амалга оширилган.

2007 йилгача «Тарандубител» бирлашмаси қаровсиз ётган бино ва иншоотлар айрим «мутасаддилар»нинг раҳнамолигида талон-тарож қилинади. 2007 йилга келиб эса Хонобод шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасига кўра Андижон вилояти хўжалик суди томонидан банкрот, деб топилади.

Шундан сўнг, банкрот бўлган корхонанинг мол-мулклари давлат рақобат қўмитаси томонидан тузилган экспертлар гуруҳи томонидан баҳоланади ва Республика кўчмас мулк биржа савдосига қўйилади. Биржа савдолари чоғида асли ўзбекистонлик, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган нефтчи, «Инком-Нефть» корхонаси таъсисчиси, Россия Федерацияси фуқароси Жакбарали Акбаров қарийб 355 миллион сўмга собиқ «Тарандубитель» ишлаб чиқариш бирлашмаси бино ва иншоотларини сотиб олади.

Улғайиб ўсган қишлоғида янги иш ўрни очиш ниятида иш бошлаган Ж.Акбаров шу тариқа «Инком-Тарандубитель» шуъба корхонасига асос солади.

Сотиб олингач, биноларни замонавий таъмирлаш учун 2007-2008 йилда 415,1 млн сўм (310 минг АҚШ доллари), тикув-бичув машиналари ва бошқа жиҳозлар учун 201,2 млн сўм (150 минг АҚШ доллар) сарф қилиниб 100 дан ортиқ иш ўринлар яратилди ва маҳсулотлар Россия давлатига экспорт қилинди. 2009 йилда Ишчилар кўчаси 1-уй манзилидаги бино ва иншоотлар «Инком-Тарандубитель» шуъба корхонаси Ж.Акбаров таъсисчи бўлган «SIBUZ INVEST» МЧЖ устав фондига қўшиб олинади.

Корхона 2009 йил 107,5 минг АҚШ долларига хомашё ва машиналар, 2013 йилда 142,3 минг АҚШ долларига янги тикув машиналари харид қилиниб, 217,0 минг АҚШ долларига 3 та тикув дастгоҳи қўшимча ўрнатилиб, 2014 йил ишга туширилди.

Корхона фаолиятига назар солар эканмиз қатор ижобий кўрсаткичларни кўриш мумкин. Жумладан, корхона 2008–2009 йиллар давомида иш жойлар сонини 92 нафардан 250 гача ошириб борган.

2015 йилгача ўсиш кўрсаткичи билан фаолият кўрсатган корхона кадрлар муаммоси сабабли маҳсулот ишлаб чиқариш тўхтаб қолади. Шундан сўнг тадбиркорларга бинолар дастгоҳлари билан ижарага берилди. Яъни, бинолар ПВХ-гранула ҳамда ишчилар қўлқопи ишлаб чиқарувчи «Водий Универсал Глобал» МЧЖ, «Уз-Донгвон Ко» ЁАЖ, ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Зулайхо Элит Сервис» МЧЖга ижарага берилади ва бино-иншоотлар рўйхатга қўшилган кунга қадар ишлаб келаётган эди.

Хўш, «SIBUZ INVEST» МЧЖнинг мол-мулклари фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар рўйхатига киритилиши адолатданми ёхуд амалдаги қонунчиликка тўғри келадими?

Агар ҳақиқатдан ҳам бино ва иншоотлардан фойдаланилмаётган бўлса Президентнинг 2017 йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича таклиф сўралиши керак эмасмиди? Шундан сўнг ҳам натижада бўлмаса солиқ ставкаларини босқичма-босқич кўтариб чора кўрилиши керакмасмиди? Афсуски бундай бўлмади!

Хорижий инвестор Жакбарали Акбаровнинг укаси Ҳайдарали Акбаров шундай ҳикоя қилади:

— Вилоят прокуратурасига чақиришди. Президент қарорини кўрсатишди. Бизда 85 фоиз биноларимиз фаолият кўрсатяпти дедим. Фақат иккита бино бошдан бош авария ҳолатида, деб тушунтирдим. «Сен ҳозир бино ва иншоотларни ўз ихтиёрим билан ноль балансда давлатга топшираман, деб ёзиб берасан», дейишди. Менинг бунга ваколатим йўқ, дедим. Қулоқ солишмади. Тунги соат 9-10 ларга олиб ўтиришди. Барибир ваколатим йўқ, юридик кучга эга эмас, шулардан қутилай, деб ёзиб бердим аризани. Чунки мен ваколатли эмасман, инвестор ёзиб бериши керак бундай хатларни.

Ундан сўнг вилоят ҳокимлигига чақиришди. Республика Бош прокурорининг ўринбосари келди. Мендан сўрашди. 85 фоиз биноларимиз фаолият кўрсатаётгани, ишчилар иш билан таъминланганини айтдим. Шунда республикадан келган прокурор нега бу корхонани рўйхатга қўшиб қўйдинг, деди. Давлат рақобат қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи (ҳозир - ўринбосар) Рустам Шарипов республикадан келган амалдор олдида «Бўлди, чиқариб юбораман», деганди.

Кейин бу масала Халқаро пресс-клубнинг Андижон вилоятида бўлиб ўтган сайёр сессияси вақтида ҳам кўтарилган. Унда ҳам Р.Шарипов сўз олиб, судга бинони давлат ихтиёрига қайтариш ҳақидаги даъво аризаси нотўғри киритилганлиги, ариза қайтариб олишини жонли эфирда айтган эди.

Унинг ўзидан сўраганимизда бу масала юзасидан тузук-қуруқ жавоб бера олмади. Ҳа биз чиқармоқчи эдик, шунинг учун ХПКда чиқараман деб, айтдим, лекин юристларимиз билан маслаҳатлашиб даъво аризасини қолдиришга қарор қилдик, қабилида.

Хуллас, икки марта корхонани рўйхатдан чиқариш масаласи кўтарилганида ҳам, Р.Шарипов «бўлди, хўп, чиқараман», деб ё ўзининг, ё кимнингдир кўрсатмаси билан бу ишни пайсалга солган.

Тадбиркорларга ёрдам қўлини чўзиш учун масъул бўлган ташкилот — вилоят савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари Абдумалик Нишонов ушбу иш бўйича маълумотга энди эга бўлганини айтиб ўтирибди.

Суд учун материалларни Хонобод шаҳар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими раҳбари Ихтиёр Тўхтабоев тайёрлагани маълум бўлди ва у корхона ҳудудидаги иккита авария ҳолатидаги бинони суратга тушириб маълумот тайёрлаган. Мавжуд 6 та бинодан 4 таси таъмирлангани ва у ерда ишлаб чиқариш билан боғлиқ иш кетаётганини қасддан яширган.

Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари Абдурашид Эгамбердиев билан телефон орқали айни шу мавзуда учрашишни сўрадик. Улар рози бўлди. Бироқ тасвирга туширишимизни хоҳламади. Учрашувда эса у «SIBUZ INVEST» ҳақида ҳатто тасаввурга ҳам эга эмаслиги, вилоятда шу каби корхоналарнинг 80 дан ортиғи рўйхатга тушганлиги, «SIBUZ INVEST»сиз ҳам муаммолари бошидан ошиб ётганлигини изҳор этди.

Ҳатто «SIBUZ INVEST» мурожаатига вилоят ҳокимлиги тақдим этган жавоб хатида ҳали бўлиб ўтмаган суд қарори илова қилингани ҳақида сўраганимизда эса шунчаки «Билмадим, бўлиши мумкин эмас, жавоб хатларини тайёрлаб олиб киришади, мен имзо чекиб бераман», дейиши бизни қаттиқ таажжубга солди.

Юзлаб инсонлар тақдири ва боқи-беғам ҳоким ўринбосари. Қуйида «SIBUZ INVEST» МЧЖ мурожаатига вилоят ҳокимлигининг жавоб хати. Жавоб хати 21 август куни тақдим этилса-да, унга 24 август куни чиқариладиган суд ҳукми илова қилинмоқда! Бу коррупциями, фолбинликми ёки мурожаатлар билан ишлашдаги ижро интизомидаги масъулиятсизликми? Бизда иккита вариант бор: ёки ҳокимлик суд қандай қарор чиқаришини олдиндан билган ёки жавоб хатининг муддати сохталаштирилиб, орқа сана билан юборилган. Бу жумбоққа расмий изоҳни вилоят ҳокимлигидан кутиб қоламиз.

Хуллас журналистик суриштирувлардан сўнг, Хонобод шаҳар ҳокимлигининг ва  Давлат рақобат қўмитаси Андижон вилоят бўлимининг позицияси ўзгаргандек бўлди. Яъни уларда мулкни тортиб олиш истаги ортга ташлангандек туюлди. Бироқ масала очиқлигича қолмоқда. Ишлаб чиқариш корхонасида 100 га яқин ишчилар — ишсиз. Вақт эса ўтиб бормоқда.

Биз Андижоннинг Хонободида ҳоким бошчилигидаги қатор мутасаддилар 100 фоиз хорижий инвесторнинг мол-мулкларини кўр кўрона тортиб олдими? — деган саволимизга аниқ жавоб олишни истаймиз.

Суднинг қарорини таҳлил қилишга ваколатимиз йўқ. Лекин биргина жиҳатини халққа етказиб қўйишни маъқул деб топдик.

«SIBUZ INVEST»нинг мулкини тортиб олиш бўйича бўлиб ўтган судда Рақобат қўмитаси мулкни олиб қўйишга асос сифатида умуман бошқа сабабни кўрсатган. Яъни, худди 1994 йилда (23 йил муқаддам) ушбу бинони хусусийлаштириш пайтида нарх нотўғри баҳоланган эмиш! Шу сабабли 1994 йили «Тарандубитель» жамиятига, у банкрот бўлгач, 2007 йили биржа орқали уни БЕЛГИЛАБ ҚЎЙИЛГАН СУММАГА ШАФФОФ ВА ҲАЛОЛ УСУЛДА сотиб олган «Инком-нефть» АЖга, ундан кейин эса тўлиқ хорижий инвестор томонидан очилган «SIBUZ INVEST» МЧЖга мазкур бино ноқонуний ўтган, дея даъво киритилган!

Энди савол туғилади, нима учун ҳамма можаро мулкни фойдаланилмаётган бинолар рўйхатига қўшишдан бошланиб, бирданига судда умуман бошқа масала кўрилган? «Бинодан фойдаланмаяпсан», дея эътироз қилаётган рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси нима учун тўсатдан, осмондан тушгандай, 23 йил олдинги савдоларда баҳо нотўғри қўйилганини эслаб қолди?

Сабаби оддий. Рақобат қўмитасининг судга тақдим этган ҳужжат ва маълумотларида бугунги кунда «SIBUZ INVEST»га тегишли биноларнинг 50 фоизидан камроқ қисми фойдаланилмаётганлиги қайд этилган ва бу суд қарорида ҳам ёзилган. Президентнинг 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сонли қарорининг 4-бандида 50 фоиздан кўпроқ қисми фойдаланилмаётган бўлсагина, бинони фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилиши белгиланган.

Бундан кўриниб турибдики, «SIBUZ INVEST»нинг мулкини ҳар қанақасига фойдаланилмаётган бинолар рўйхатига қўшиб бўлмасди ва ушбу сабаб билан бинони тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди. Лекин Рақобат қўмитаси ушбу мулкни қандай бўлмасин тортиб олишга қарор қилади ва бошқа йўлларини қидиришга тушади. Натижада 23 йил аввал мулкни 1 млн. 139 минг сўм-купонга баҳолашганда хатолик кетган деган ўта кулгили ва мантиқсиз баҳона топади.

Нимаси нотўғри баҳоланган экан дейсизми? Мулк мутахассислар томонидан 1993 йил 1 ноябрь ҳолатига баҳоланган ва орадан 3 ой ўтмасдан, яъни 1994 йил 27 январь куни сотилган. Мана шу даврда мулк нархи ошган бўлиши мумкин эди, шунинг учун орадан 23 йил ўтган бўлса ҳам хорижий инвесторнинг биносини тортиб оламиз, дейишдан уялмаган Рақобат қўмитасига баҳони ўзингиз беринг: энг асосийси — ўша пайтда амалда бўлган вақтинчалик Низомда баҳоланган мулклар 3 ой ичида сотилса, қайта баҳолаш шарт эмас дея белгиланганди. Демак, «SIBUZ INVEST»га очилган даъво талаби нафақат кулгили ва мантиқсиз, балки ноқонуний ҳам эди.

Бироқ Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро иқтисодий суди нима учундир юқоридаги асосли фактларни, даъво муддатини инобатга олмай, Рақобат қўмитасининг даъвосини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида қарор чиқарган. Бу қарор адолатлими ёки йўқ, бунга ҳам ўзингиз учун хулоса чиқариб олаверинг.

Хуршид Далиев,

Элмурод Эрматов,

KUN.UZ махсус мухбирлари

Таҳририятдан: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот марказида ўтказилган брифингда бош вазир ўринбосари Суҳроб Холмуродов ҳам хорижий инвесторларнинг бизнес-активлари дахлсиз эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди:

«Ўзбекистон келажаги хорижий инвестицияларсиз мавжуд бўлмайди, буни барчамиз жуда яхши англаб турибмиз. Агар биз хорижий инвесторлар ишонадиган, инонадиган инвестицион иқлим ҳосил қилмасак, барча саъй-ҳаракатларимиз бекор кетади. Валюта бозорини либераллаштириш билан фойдани репатрация қилиш масаласи ҳал бўлди — жараён ишга тушди — ортга йўл йўқ. Инвестицион иқлим такомиллашиб боради, барча мавжуд қонунчилик ҳужжатлари шундай қабул қилинадики, Ўзбекистонда инвесторнинг ҳеч нарсаси ҳеч ким ҳеч қачон тортиб ололмайди, бунинг иложи бўлмайди», — деди бош вазир ўринбосари.

YouTube'да кўриш

Mover'да кўриш

Top