Эрдўған баёнот берди, Сурия билан чегарага ҳарбий колонна юборилди
Туркия минтақадаги террорчиларни тезда йўқ қилади ва буни Суриянинг Африн ҳамда Манбиж туманларидан бошлайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған сешанба куни Анқарада маълум қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, Туркия бугун минтақада кураш олиб бораётган терроризм таҳдиди кўп қиррали хусусиятга эга. Анқара турли хил жиноий ташкилотларга дуч келган, дея таъкидлаб ўтди Эрдўған.
«Турк қуролли кучлари яқин вақт ичида Сурия ҳудудларини террорчиларни босқичма-босқич озод қилиш учун амалиётни бошлайдилар. Амалиётлар Африн ва Манбиждан бошланади. Бунга Анқарани қўллаб-қувватлаётгани ҳақида бонг ураётган ва шу билан бирга Туркияга орқадан зарба бераётган давлатлар халақит бера олмайди», - деган у.
Эрдоған Сурия мухолифатининг Туркия ҚКнинг Африкадаги террорчиликка қарши амалиётида иштирок этиш эҳтимоли ҳақида ҳам изоҳ берди. «Шубҳасиз, улар [Сурия мухолифати отрядлари] иштирок этади ва биз билан ёнма-ён жанг қилади. Ахир бу кураш улар учун олиб борилмоқда. Туркия суриялик биродарларни қўллаб-қувватлайди, улар ўз юртларининг эгалари бўлишлари керак», - деди президент.
Туркия президенти Вашингтоннинг Суриядаги режаларини танқид қилди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, америкаликлар 11-12 минг километрлик масофани босиб ўтиб, Сурияда «чегара ҳимояси» деб аталаётган армияни яратишга ҳаракат қилмоқда. «Кимнинг чегараларини ҳимоя қилмоқчисиз? Ҳатто Асад режими бундай қуролли тузилмаларни таҳдид деб ҳисоблайди», - деди у.
Туркия Сурия билан чегарадаги ўз бўлинмаларини кучайтиришда давом этмоқда.
Хусусан, чегараолдидаги Ғазиантеп вилоятидаги 15 та ҳарбий автомобилдан иборат колонна йўл олган. Техника ва ҳарбий хизматчилар Туркиянинг турли ҳарбий қисмларидан чегарага олиб ўтилмоқда. Шунингдек, минтақага зирҳли машиналар ва танклар колоннаси йўл олди.