Ўзбекистон | 14:50 / 24.01.2018
23098
2 дақиқада ўқилади

Ҳозирча миллий биометрик паспорт хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олинмади

Ҳозирча Ўзбекистонда миллий биометрик паспорт хорижга чиқиш паспорти сифатида тан олинмайди. 

9 январдан умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасида амалдаги биометрик паспортни чиқиш паспорти (загранпаспорт)га айлантириш ҳамда мамлакат ичида шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ID-карталарни жорий қилиш масаласи бор эди.

22 январь куни тасдиқланган дастурда эса «Фуқароларга янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, Ўзбекистон ҳудудида шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида ID – идентификация картасини босқичма-босқич жорий этиш масаласи назарда тутилади», дейилган. 

Давлат персоналлаштириш маркази, ИИВ, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан шу йилнинг 20 апрелига қадар Фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш кўзда тутиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан буён берилаётган амалдаги паспорт амалий жиҳатдан чет элга чиқиш паспорти ҳисобланиб, кўплаб фуқаролар ва экспертлар иккинчи паспортнинг жорий этилишига қарши муносабат билдириб, ID-карталарни ёқлаб чиқишганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид