Спорт | 18:40 / 24.01.2018
80108
3 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян иши прокуратурага оширилган

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаяннинг иши бўйича маълумотлар прокуратурага тақдим этилган. Бу ҳақда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов маълум қилди.

«Аввало, шуни таъкидлаб ўтишни хоҳлардимки, Самвел Бабаяннинг футболдан четлатилиши, ушбу соҳада турли қинғирликлар билан шуғулланган, фақат ўз манфаатини ўйлаб футбол орқасидан кун кўриб келаётган айрим шахсларга огоҳлик қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши лозим.

Бабаяннинг «Пахтакор» клуби бошқарувида ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида амалга оширган турли қинғирликлари бизга маълум. Биз ўз ваколатимиз доирасида, ўрнатилган тартибда  Ўзбекистон футбол федерацияси уставидан келиб чиқиб, уни футбол фаолияти билан шуғулланишдан бир умрга четлаштирдик. Шу билан биргаликда, унинг ҳужжатлари ва материалларини прокуратурага топширдик. Бабаян иши билан бундан буёғига прокуратура ходимлари шуғулланишади ва унинг айби тўлиқ исботланса, у қонун олдида, албатта, жавоб беради.   

Афсуски, сўнгги йилларга келиб юртимизда футбол тизими бутунлай издан чиқиб кетган. Мураббий ва ҳакамларни қўя турайлик, юртимизда «футбол атрофидаги шахслар» пайдо бўлган. Гарчанд соҳага ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, масъул раҳбарларнинг эътиборсизлигидан фойдаланиб воситачилик билан шуғулланган. Улар асосан жамоалар ўртасида келишилган ўйинларни ташкил этишда, керакли натижага эришиш учун ҳакамлар билан келишишда, футболчиларнинг бошқа клубга трансфер қилинишида, ёш футболчиларнинг ёшини сунъий равишда кичрайтиришда  «жонбозлик» кўрсатишган. Айнан шундай иллатлар туфайли юртимизда футбол тизими йиллар давомида изидан чиқиб кетган. 

Бизда ана шундай «футбол атрофидаги шахслар»нинг бир нечтаси ҳақида ҳам маълумот бор. Футболимизни ана шундай иллатлардан тозаламас эканмиз, жаҳон чемпионатига чиқиш бизга армон бўлиб қолаверади», деган Аҳмаджонов «Халқ сўзи» газетасига берган интервьюсида.

Мавзуга оид