Жамият | 22:10 / 25.01.2018
41133
14 дақиқада ўқилади

Айбсиз “айбдор” МЧЖ жаримага тортилиши қанчалик тўғри?

Фото: KUN.UZ

2017 йил Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида туб бурилиш йили бўлди. Шу йили “ким эдигу, ким бўлдик” шиорининг асл моҳияти юзага чиқди. Халқ билан мулоқот йилида оддий халқни қийнаётган муаммолар кўлами кенглиги маълум бўлди. Шулар қаторида ижтимоий-иқтисодий тизим, қонунчиликнинг барча соҳаларида зудлик билан ҳақиқий ислоҳотлар ўтказилиши кераклиги кун тартибига чиқди.

Ўтган йилги ислоҳотлар орасида давлат раҳбари томонидан 2017 йил 2 сентябрь кунги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сон фармонини алоҳида таъкидлаш мумкин. Чунки, айни шу ҳужжат асосида Ўзбекистонда миллий валютанинг конвертацияси ҳамда мазкур масала билан боғлиқ равишда хорижий инвестициялар, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган кўплаб муаммоларга ечим топиш учун илк қадамлар ташланди. Қолаверса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча маротаба турли йиғилиш ва маърузаларида “битта иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман”, дея бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорларга, ҳам давлат бошқарув органлари раҳбарларига мурожаат қилди.

Айрим мақсадга мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатларига давлат раҳбари ташаббуси билан ўзгартишлар киритиляпти. Хусусан, валюта бозорининг либераллашувига доир президент фармони тадбиркорлар учун айни муддао бўлди. Чунки, бундан аввал, экспорт шартномаси бўйича ишлайдиган тадбиркорларга жуда оғир талаблар белгиланган, тушган пулларининг маълум бир қисми биржа орқали мажбурий сотилиши белгилаб қўйилган, валюта тушириш мажбурияти юкланган, улар бажарилмаса, йирик миқдорда жарима санкциясини қўллаш механизми ишлаб чиқилган эди.  

Кўпчиликка маълумки, валюта бозори либераллаштирилмасдан аввалги айрим қонун талаблари адолатсиз бўлгани эътироф этилаётган бугунги кунда, ўша қонун талаблари билан жавобгарликка тортилиб, жарима санкцияси қўлланилаётган тадбиркорлик субъектларига енгилликлар бериш жиҳатини ҳам ўйлаб кўрадиган вақт келмадимикин?

Қуйида дуч келаётган муаммолар юзасидан KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилган фирма мисолида юқоридаги фикрларни асослашга уринамиз.

Ҳаммаси “Alta Vetta” МЧЖнинг “Alliance Capital K/S” компаниясидан субпудратчи сифатида кўрсатилган техник ва махсус техника хизматлари учун 2014 йил 1 мартда имзоланган 7 та шартномадан 5 таси бўйича белгиланган пулларини олиш билан боғлиқ машмашалардан бошланди.

“Alta Vetta” МЧЖ 2014-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси буюртмачи бўлган, “А-373 Тошкент - Андижон  автомобиль йўлининг  116 - 190 (58 км) км. оралиғидаги қисмини қайта қуриш” лойиҳаси бўйича ёрдамчи пудратчи бўлган “Alliance Capital K/S”  компанияси билан тузилган шартномаларга асосан шу объект қурилишида иш бажариб келган.

Шартнома бўйича тўлов валютаси АҚШ доллари бўлиб, “Alliance Capital K/S”  компанияси томонидан 2014 йилда ва 2015 йил 1-ярмида бажарилган ишлар учун тўловлар ўз вақтида амалга ошириб келинган, бироқ 2015 йил иккинчи ярмига келиб, бажарилган ишлар учун тўловлар тўхтаб қолган.

“Alliance Capital K/S” компанияси томонидан эса, тўловлар амалга оширилишига ваъдалар берилиб, объектнинг буюртмачиси Республика йўл жамғармаси билан муаммолар вужудга келганлиги ва тез кунда тўлов амалга оширилишини, қурилиш объекти Фарғона водийси вилоятларини республиканинг бошқа минтақалари билан боғловчи асосий транспорт йўли эканлигини, муҳим стратегик оъектлар қаторига киришини кўрсатиб ишларни тўхтатмасликни сўраган. Шу сабабли “Alta Vetta” МЧЖ 2015 йил декабрь ойига қадар ҳам иш бажариб келди. “Alta Vetta” МЧЖ жамоаси бажараётган ишлари, довон орқали йўлнинг қиш мавсумига қадар якунланиши мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини чуқур ҳис этган.

2015 йил ноябрь ойига келиб, “Alliance Capital K/S” компанияси томонидан “Alta Vetta” МЧЖ бажарилган ишлар учун қарзларни очиқдан очиқ тўлашдан бош тортишни бошлангандан сўнг, “Alta Vetta” МЧЖ вужудга келган 480 670,87 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликни мажбурий равишда ундирилишини талаб қилиб 2016 йил февраль ойида даъво ариза билан Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилди.

Шу билан суд жараёни бошланиб, 2016 йил 20 майида Тошкент шаҳар Хўжалик суди №10-163/2881 рақамли иш бўйича ҳал қилув қарори чиқариб, “Alliance Capital K/S” компаниясидан “Alta Vetta” МЧЖ фойдасига 480 670,87 АҚШ доллари (ҳақиқий қарзи) ва 741,79 доллар пеняси, жами 481 412,66 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ундирилиши бўйича қарор чиқаради.

2016 йил 24 июнда суд қарори бўйича ижро варақаси берилиб, ушбу ижро варақаси асосида Тошкент шаҳар Яккасарой туман суд ижрочилари томонидан “Alliance Capital K/S”  компаниясидан қарз суммасини мажбурий тартибда ундириш ишлари бошланади. Суд ижрочилари томонидан “Alliance Capital K/S” хорижий компаниясининг мол-мулкини аниқлаш, “Алоқабанк” АТБ ва “InFinBank” АТБлардаги ҳисоб рақамларини хатлаш ишлари олиб борилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айнан “Alta Vetta” МЧЖ томонидан берилган маълумотлар ёрдамида суд ижрочилари “Alliance Capital K/S” хорижий компаниясининг мол-мулкларини хатлашга эришган. Суд ижрочиси томонидан “Alliance Capital K/S” компаниясини республикамиз ҳудудида жойлашган мулкларини сотиш орқали туширган пулларидан 2 млрд. сўмини конвертация қилиш учун 24.02.2017 йилда “Давр банк” ХАТБ Учтепа филиалига ўтказган. Бироқ конвертация амалиёти банк бошқаруви томонидан асоссиз равишда салкам 8 ойга кечиктирилган. Агар тушган 2 млрд. сўм ўша вақтда банк томонидан сўзсиз конвертация қилинганида 274 064,83 АҚШ доллари “Alta Vetta” МЧЖ ҳисобига келиб тушган бўлар эди.

Президентнинг ПФ-5177-сон Фармони қабул қилингандан сўнггина ундирилган пуллар суд ижрочисининг қарори билан АТ “ИПОТЕКА БАНК”ка ўтказилган ва конвертация қилиниб, 2017 йил 12 октябрда 48 117,49 АҚШ доллари ва 17 октябрда 100 264,21 АҚШ доллари, жами 148 381,7 доллар ундириб берилди. Айни вақтда “Alliance Capital K/S” компаниясининг “Alta Vetta” МЧЖ олдидаги қарздорлиги 333 030,96 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда энг эътиборли томони қарзни ундириш бўйича ижро иши давом этмоқда.

Кўриб турганимиздек, “Alta Vetta” МЧЖ валютада бўлган қарздорликни ундириш борасида қонунларимизда назарда тутилган барча ҳаракатларни амалга оширган. Шунга карамасдан, Яккасарой Давлат солик инспекцияси  “Alta Vetta” МЧЖ томонидан валюта тушумини кечикишига йўл қўйган ва шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг 245-сонли қарорига асосан жарима тўлаши лозим деган важлар билан судга мурожаат этади.

Хўш, савол туғилади: МЧЖга нима учун жарима қўлланиляпти? Буни Яккасарой тумани солиқ инспекциясининг даъво аризасидан билиб олиш мумкин.

Унга кўра, Яккасарой туман солиқ инспекцияси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 30 октябридаги 590-х/с-сонли буйруғи асосида “Alta Vetta” МЧЖда режали солиқ текшируви ўтказилган. Текширув жараёнида корхона томонидан 7 та экспорт шартномаси бўйича 1 ноябрь 2016 йил ҳолатига биноан 481 011,46 доллар миқдорида валюта маблағи келиб тушмагани аниқланган. (Юқорида қайд этилганидек, бу вақтда айни шу миқдордаги пулни ундириш бўйича ижро варақаси Яккасарой туман суд ижрочилари департаментида ижрода бўлган.)

Суд жараёнида “Alta Vetta” МЧЖ судга стратегик объектда ишлар тўхтатилмасдан бажарилганлиги учун қарздорлик вужудга келганлиги, қарздорликни ундириш борасида қонунда белгиланган барча ҳаракатларни амалга оширганлигини, Вазирлар Маҳкамасининг 245-сонли қарорида белгиланган муддат (365 кун) ичида 2 млрд сўм ундирилиб суд ижрочиси ва банкнинг айби билан бир неча ойдан бери конвертация қилинмасдан турганлигини тасдиқловчи барча далилларни судга тақдим этган.

Лоақал, Тошкент шаҳар Хўжалик суди инстанциялари МЧЖнинг тушиб қолган ноқулай ҳолатини, нима учун валюта муддатида тушира олмагани, валютани ундириш бўйича иш ижрода эканини эътиборга олгандир, деб ўйласангиз хато қиласиз.

Тошкент шаҳар хўжалик (иқтисодий) суди томонидан дастлаб валютада қарздорликни 30% миқдорида - 459 097,09 минг сўм, 27 ноябрь 2017 йилдаги ҳал қилув қарори 10-1712/14859-сонли иш бўйича қолган 70% миқдорида, жами 1 млрд 237 млн 824 минг 200 сўм миқдорида жарима қўлланилган. Суд қарорида “Alta Vetta” МЧЖ томонидан тақдим этилган бирор бир далил, бирор бир важ экс эттирилмаган ва фақат солиқ идорасининг важи кўрсатилган ҳамда Вазирлар Махкамасининг 245-сонли қарори мазмуни кўчирилган холос.

Демак, гўёки, қонун ижросини таъминлаётган Яккасарой тумани солиқ инспекциясига кўра, валюта тушуми талабини (аслида, форс-мажор туфайли) бажара олмаётган ташкилот қандай қилиб бўлмасин, давлатга жарима тўлаши керак. Бу нимани англатади? Бу ҳали ҳисобига келиб тушмаган, ундирувда бўлган, “Давр Банк” қачон пулни конвертация қилиб берар экан, дея кутаётган МЧЖ жарима тўлаши керак дегани эмасми?

Менинг тушунишимча, “Alta Vetta” МЧЖ каби ҳолатга тушиб қолган ташкилот солиқ инспекциясининг қаҳрига ва хўжалик суди судьяларининг кўр-кўрона қарорларига дуч келмай деса, ернинг остидан бўлсаям, валюта топиб, шартномалар бўйича валюта тушумини адо қилиши керак эди. Ахир, солиқ ва суд инстанцияларининг жарима қўллаш бўйича қарорларини бундан ортиқ яна қандай тушунса бўлади?

Шу ўринда айрим мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Мен суд қарорларини батамом ноқонуний, солиқ инспекцияси умуман нотўғри иш қилган, дейишдан йироқман. Аммо “Alta Vetta” МЧЖ хорижий компаниядан пулини ундириш ва валюта тушуми бўйича талабни бажаришга ҳаракат қилмаган, уриниб ҳам кўрмаган бўлганида, бошқа гап эди. Амалда-чи, амалда МЧЖ ўз масъулиятини ҳис қилган ҳолда, олма пиш, оғзимга туш, деб ётмасдан қарзини ундиришга ҳаракат қилди. Бироқ булар солиқ инспекциясининг ҳам, суд маҳкамаларининг ҳам пинагини бузаётгани йўқ.

Бир нарсани қайд этиш керакки, қонун фақат жазолаш учун ишлаб чиқилмаган. Солиқ ва суд идораларининг ҳам вазифаси фақат жазолаш эмас. Шундай экан, объектив сабабларга кўра, қонун талабини бажара олмаган корхонага нисбатан, жазолаш принципидан воз кечиш ҳам мумкин эди-ку! Чунки бунгача МЧЖга 30 фоиз жарима қўлланган бўлса, ундан кейин яна тадбиркорга боғлиқ бўлмаган ҳолатни кўра-била туриб, 70 фоиз жаримага тортилганини қандай баҳолаш мумкин? Бу адбиркор ҳали олмаган даромадини 100 фоиз қилиб давлатга жарима сифатида қайтаради, ўзига эса ҳеч вақо қолмай, банкрот бўлади деганими?

Тўғри юқоридаги ҳолатда МЧЖнинг ҳам айби бор. “Alta Vetta” экспорт шартномасини белгиланган тартибда суғурта қилдирганида  зарар кўрмас эди. “Alliance Capital K/S” компанияси қарзни тўлашдан бош тортиб келаётганлиги, ушбу корхонадан қарзни ундириш бўйича ижро ҳужжатини ижро этиш суд ижрочиси томонидан пайсалга солиниб келинаётганлиги, солиқ идоралари томонидан суд орқали корхонага 1.696.921.291 сўм жарима солинганлиги, ҳисоб-рақамларига солиқ идораси томонидан банд солинганлиги, фаолияти деярли тўхтаб қолганлиги сабабли “Alta Vetta” МЧЖнинг 2015 йилда бажарган ишлари ҳажми – 3.481.668.439 сўмни ташкил этиб, 772.339 АҚШ доллари миқдорида валюта туширган бўлса, 2017 йил ўтган даврида корхонада иш ҳажми фақат 561.676.459 сўмни ташкил қилиб, ўтган даврларга нисбатан бир неча баробар камайган.

Худди шундай ҳолат бошқа бир ташкилот бўлмиш “Умидли хамкор” МЧЖда ҳам кузатилади. Бу юқорида келтирилган муаммолар “Alta Vetta” МЧЖ ва “Умидли ҳамкор” МЧЖда ишлаган ходимлар сонини 72 кишидан 11 нафаргача камайишига олиб келган.

Фото: Fotolia

Хўш, солиқ инспекциялари ва судларнинг фақат тадбиркорни жазолаш принципи кимга фойда-ю, кимга зарар? Тўғри, бир қарашда давлат бюджетига йирик миқдорда жарима ундирилади. Бу ерда яна бир жиҳат бор. “Alliance Capital K/S” компанияси Ўзбекистон бюджет маблағлари эвазига субпудратчи корхоналарни ишлатиб, бажарилган ишлар учун республика бюджетидан валютада ҳақ олиб, маблағларини четга олиб чиқиб кетса-ю, солиқ идоралари ва судлар пулини ололмаётган маҳаллий корхоналарга жарима қўлласа, бунинг оқибатида мақолада келтирилган корхона каби бошқа корхоналар инқирозга учраб, бу билан давлат солиқ манбаалари камайса, ишчи ходимлар ишсиз қолса, адолатдан бўладими? Шундай экан, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июнда қабул қилинган 245-сон қарорини Президентнинг ПФ-5177-сон Фармони талабларига тезроқ мослаштириш зарур ва бунда унинг янги талабларини аввалги ҳолатларга ҳам жорий этишни кўзда тутиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, наздимда. Акс ҳолда, юқоридагидек ҳолатларга яна дуч келиш мумкин.

МЧЖ билан юз берган ҳолатлардан хабар топган кишиларда тадбиркорликка ёки ишлаб чиқарувчиларда экспорт қилишга иштиёқ қолишига шубҳам бор. Давлатнинг олий раҳбарияти ҳам тадбиркорларга кенг йўл очиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида куюниб гапираётган бугунги кунда, валюта тушуми бўйича қонунчилик талабини бажаришга ҳаракат қилган, судлашган, судда ютиб, қисман бўлса ҳам пул ижро ҳисобига туширилиб, конвертацияни 8 ой кутиши сабабли жаримага тортган тадбиркорни ким ҳимоя қила олади? Буни вақт кўрсатади!

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид