Ўзбекистонда жаҳонга машҳур юридик компания ваколатхонаси очилди
29 январь куни Тошкент шаҳрида жаҳоннинг етакчи юридик компанияларидан бири ҳисобланган «White&Case LLC» ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг Facebook'даги саҳифасида маълум қилинди.
Ваколатхонанинг очилиши Адлия вазирлиги ва «White&Case LLC» компанияси ўртасидаги Ҳамкорлик меморандумида кўзда тутилганди. Мазкур ҳужжат 2017 йилнинг 18-20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркка, бизнес-форумга ташрифи вақтида имзоланган.
Меморандум шунингдек миллий юридик кадрларнинг компания офисларида малака оширишини ташкиллаштиришни ҳам кўзда тутади.
Тадбирда Америка томондан «White&Case LLC» компаниясининг асосий ҳамкорларидан бири, Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг раиси Кэролин Лэмм иштирок этди. Ўзбекистон томондан - Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Адлия вазири Русланбек Давлетов.
«White&Case LLC» юридик компаниясига 1901 йилда асос солинган бўлиб, бугунга келиб у 2200 дан зиёд профессионал юристларни бирлаштиради, улар дунёнинг 26 мамлакатидаги 38 офисда фаолият юритади. Компаниянинг йиллик айланмаси - 1,5 миллиард доллардан ортиқ.
Етакчи халқаро рейтинг тузувчилари «White&Case LLC» фаолиятини юқори баҳолашади. Компания Европадаги энг яхши юридик компания дея тан олинган. У Chambers Global (2010), Merger Market (2015), Law 360 (2014) ва Chambers Europe Awards (2014) мукофотларига лойиқ деб топилган.
Бугунга келиб «White&Case LLC» Американинг Ўзбекистондаги ягона юридик компанияси ҳисобланади. Халқаро даражадаги юридик компанияларни жалб қилиш республикадаги ишчи муҳитнинг яхшиланиши, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратилиши, юридик ва консалтинг хизматлар кўрсатиш миллий тизимининг такомиллашувига олиб келади.
Мавзуга оид
19:53 / 16.09.2024
Ўзбекистон АҚШ билан божхона соҳасидаги ҳамкорликка оид битимни имзолади
20:49 / 02.09.2024
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси республика билан алоқаларнинг ривожланиши ҳақида гапирди
20:37 / 31.07.2024
Ўзбекистонда YouTube’га кириш секинлашгани айтилган хабарлар рад этилди
23:00 / 13.06.2024