Жамият | 11:50 / 01.02.2018
54193
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги хонадонда шер сақланаётгани аниқланди (видео)

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги Тутзор қишлоқ фуқаролар йиғинидаги хонадонда Африка шери ноқонуний равишда сақлаб келинган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, фуқаро Г.А.га тегишли ҳали қурилиши тугалланмаган хонадон Давлат экология қўмитаси ва Тошкент тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, саккиз ойлик Африка шерининг ҳеч қандай талабларга жавоб бермайдиган шароитда сақланаётгани маълум бўлган.

- Шер боласининг пешоналари ёрилиб кетган, озиб кетган. Сақланиши талабга жавоб бермайди. Бундан ташқари, бинолар кўздан кечирилганда, лочин ҳам сақланаётгани маълум бўлди, - дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекцияси 1-тоифали инспектори Аёз Иноғомов. – Хонадон эгаларидан ҳайвонларни сақлашга, табиатдан олишга, боқишга рухсатнома сўралганида, тақдим эта олишмади. Тошкент ҳайвонот боғида мутахассислари ҳам бу ҳақда салбий фикр билдиришди. Ветеринар келиб, биринчи ёрдам кўрсатди. Аниқлик киритилгунга қадар шер боласи Тошкент ҳайвонот боғида сақлаб турилади.

Суриштирув давомида мазкур шер боласи Чиноз туманидаги хусусий корхонага қарашли питомникка тегишли экани билдирилган. Африка шери пойтахтдаги ҳайвонот боғига топширилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид