Ўзбекистон | 20:02 / 02.02.2018
7095
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Бангладешга йигирилган ип етказиб беради

Фото: trend

Ўзбекистон ва Бангладеш 5 млн долларлик йигирилган ип етказиб бериш бўйича келишувга эришдилар. Ўзбекистонлик тўқимачилар йигирилган ип етказиб бериш бўйича шартномани Бангладешга 24-27 январь кунларидаги ташрифлари вақтида имзолашган.

Сафардан мақсад Бангладешнинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги тажрибасини ўрганиш ва Yarn and Fabrics Fair 2018 кўргазмасига ташриф буюришдан иборат бўлган.

Ўзбекистон делегацияси таркибига “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тўқимачилик корхоналари вакиллари киришган.

Ўзбекистон вакиллари сафар давомида Бангладеш тўқимачилик соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказишган, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишган. 

Ўзбекистон делегацияси шунингдек Бангладешнинг тайёр тикув-трикотаж буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи йигирмата корхонаси орасига кирувчи Turag Knit Composite Ltd корхонасига ташриф буюрган. Бу корхонада Европа бозорлари учун маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон енгил саноат корхоналари 2017 йил якунларига кўра, 1,1 млрд долларлик маҳсулотлар экспорт қилишган. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари маҳсулотлари дунёнинг 50 дан кўпроқ давлатига етказилган. Тўқимачилик соҳасида 2017 йил бошида 293 та экспортчи корхона бўлган бўлса, йил якунларига кўра уларнинг миқдори 350 тага етган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид