09:10 / 09.02.2018
216488

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир ҳоким бўлишдан бульдозерчилик яхши эмасми?

Таҳририятимизга қадимий шаҳарларимиздан биридан жуда ташвишли хатлар кела бошлади... Барчаси вилоят ҳокимининг асоссиз зулми ҳақида бўлди.

Азбаройи шу улуғ шаҳар ва вилоят номига доғ тушмаслиги, Президент ишонч билдириб, масъул лавозимга тайинлаган бу шахсга нисбатан халқнинг нафратини янада қўзғамасликка қарор қилдим. Боз устига, воқеани жойига бориб суриштирганимда, гувоҳлар бўлиб ўтган воқеаларнинг айни ҳақиқат эканлигини тасдиқлаб, ўз исмларини кўрсатмасликни қаттиқ илтимос қилишди... Қўрқишяпти... Лекин ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолиб кетишини ҳам исташмаяпти.

Президент халқ депутатлари олдида ишонч билдириб, забардаст вилоятлардан бирига раҳбар этиб тайинлаган шахс қандай бўлиши керак? Келинг, ўз фикрларимни баён қилай: Мен ҳоким бўлганимда нималар қилар эдим? Ва муҳими, нималарни қилмас эдим...

Мен ҳоким бўлганимда, аввало, ҳар бир инсонни ҳазрати инсон ўрнида кўрардим. Юртимиздаги, хорижий давлатлардаги машҳур даргоҳларда ўқиб, диний мадрасага раҳбарлик қилаётган олим инсонни ўз талабалари ва бошқалар кўз ўнгида «онангни…» деб ҳақорат қилмасдим, асло! Чунки бу тоифа инсонларга ҳақорат бошқача таъсир қилади. Аллоҳга солишади... Мен эса Худодан қўрқаман.

Ички ишлар органларига унинг қўлига намойишкорона кишан уриб, олиб кетишни буюрмас эдим.

Чунки тушунардимки, мадраса учун таҳоратхона, ошхона қуриш — унинг бош вазифаси эмас. Вилоятда бу ишни қиладиган ўз эгалари бўлиши керак. Айтайлик, тендер орқали. Маълум бир қурилиш ташкилоти тайинланиб, муддатлар белгиланиб. Ҳеч қурса март ойининг бошларида рухсат олинган қурилиш ишларини бошлаш учун эртароқ ҳужжат тайёрланишига камарбаста бўлардимки, иш тезроқ битсин, қишнинг совуқ-қиронли кунларигача чўзилмасин.

Айни ҳолатда шаҳар аҳлининг хайрияси ва ҳашар йўли билан барпо этилаётган объектга алоқам йўқлигини ҳис қилардим. «Баракалла» деб қўярдим, агар моддий томондан ёрдам бериш қўлимдан келмаса, ҳеч бўлмаса маънавий ёрдам беришга интилардим.

Қишнинг қаҳратон совуғида ишлаётган усталарнинг отасига раҳмат деб, кунора бориб кўнглини кўтарардим. «Сиз айтган муддатда безак ишларини тезлаштириб тугатишнинг имкони йўқ, сифат бузилади», деган қўли гул устабошини урмасдим. Ўзини ҳимоя қилиш учун, мен отаётган муштларни қайтариб қолиш учун қўл кўтарганда, «менга қўл кўтарди», деб ички ишлар бўлимига олиб кетишларини талаб қилмасдим. Чунки билардимки ички ишлар бўлимида ўз вазифасига нолойиқ шахслар ҳам бўлиши, тақводор усталарнинг соқолларини мажбурлаб қирдириб ташлайдиган шахслар ҳам учрашини. Гуруч ичида курмак ҳам бўлади-да… Мабодо усталарнинг кўзини қўрқитиш учун шундай қилишга жаҳл устида буйруқ бериб юборсам ҳам, ички ишлар органларидаги касбига нолойиқ ходимлар фуқароларни хўрлагани учун ишдан бўшатилишини талаб қилардим.

Ҳа, қурилишда беминнат меҳнат қилаётган усталарнинг ҳолидан, уларнинг нима ичиб еяётганидан хабардор бўлардим. Ярим кечаси соат 12-1 да келиб хабар олиш ўрнига. Чунки бу вақтда борсам, ички ишлар ва бошқа орган ходимлари -8...-10 даража совуқда усталарни дам олгани қўймасдан, «ҳоким кеб қолади» деб кўчада ушлаб турган бўлишарди-да. Мана шунда ҳам уларни «яшанглар, баракалла», деб кўнглини кўтариб кетардим. Уста бўлиб туғилганига пушаймон бўладиган даражада сўкмасдим.

Усталарни қўриқлаётган ходимларга ҳам уларга нисбатан хушмуомала бўлишни сўрардим. Ўзим ўрнак бўлардим. Шундан кейин мелисалар ҳам усталарни масхаралашни бас қилишар эди.

Қурилиш ишлари Тошкентдан раҳбарлар келишига битмаётганидан жиғибийрон бўлмасдим. Чунки билардимки, бошдан бу қурилишга бош бўлмаганман. Энди икки оёқ бир этикка тиқилганида ишларни сунъий тезлаштириб, безак ишлари қўлдан ўтар сифатсиз амалга ошишига сабабчи бўлиб қолишини билардим. Катталарнинг кўзини бўямасдим. Худди бу ишларнинг бошида ўзим тургандек, молиялаштиргандек, «қаранг, топшириғингиз айтилган муддатда, аъло даражада бажарилди», дегандек очко ишлашга мутлақо ҳаракат қилмасдим.

Мадраса директоридан қурилиш ишлари нега кечикаётганини сўраганимда ва у барча ишлар ҳомийларнинг маблағи ҳамда жума намозларида эълон қилиб борилган хайрия ҳисобига амалга ошаётганини билдирганида, даромадга яраша буромад бўлаётганини айтганида, «ҳомийларингни кимлигини аниқлаб, битта-битта қаматиб юбораман», демасдим. Асло унақа дея олмасдим!

Усталар устидан ички ишлар ходимларидан иборат туну-кун назорат ўрнатиб, ишларни уч сменада ташкил қилиб, мадрасада ўқиётган талабаларни ҳам қурилиш ишларига жалб қилиб, мадраса директорига «қандай қилиб бўлса ҳам, қурилишни мен айтган кунда якунлайсан», деб зуғум ўтказиб, бугунги кунда ундан-бундан қарздор бўлиб қолишига йўл қўймасдим. Ўзим эмас, виждоним йўл қўймасди...

Модомики, мен ҳам шундай раҳбар бўлганимда, яхшиси истеъфога чиқардим. Одамларни рози қилиш, уларнинг кўнглини овлаш, Президент белгилаб бераётган сиёсат, келажакка ишонч ва умиддан совутмаслик учун, яхшиси, қўлимдан келадиган, ўз савиямга мос бошқа ишни танлар эдим. Айтайлик, бульдозер ҳайдардим. Лавозимга ўтирганимдан буён ўтган 1,5 йил ичида бунёдкорликни эплай олмаган мендай касга мана шу касб кўпроқ ярашган бўлар эди…

Хўш, мен шу касбга лойиқ эканманми?

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти.

Top