Таҳририятимизга қадимий шаҳарларимиздан биридан жуда ташвишли хатлар кела бошлади... Барчаси вилоят ҳокимининг асоссиз зулми ҳақида бўлди.
Азбаройи шу улуғ шаҳар ва вилоят номига доғ тушмаслиги, Президент ишонч билдириб, масъул лавозимга тайинлаган бу шахсга нисбатан халқнинг нафратини янада қўзғамасликка қарор қилдим. Боз устига, воқеани жойига бориб суриштирганимда, гувоҳлар бўлиб ўтган воқеаларнинг айни ҳақиқат эканлигини тасдиқлаб, ўз исмларини кўрсатмасликни қаттиқ илтимос қилишди... Қўрқишяпти... Лекин ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолиб кетишини ҳам исташмаяпти.
Президент халқ депутатлари олдида ишонч билдириб, забардаст вилоятлардан бирига раҳбар этиб тайинлаган шахс қандай бўлиши керак? Келинг, ўз фикрларимни баён қилай: Мен ҳоким бўлганимда нималар қилар эдим? Ва муҳими, нималарни қилмас эдим...
Мен ҳоким бўлганимда, аввало, ҳар бир инсонни ҳазрати инсон ўрнида кўрардим. Юртимиздаги, хорижий давлатлардаги машҳур даргоҳларда ўқиб, диний мадрасага раҳбарлик қилаётган олим инсонни ўз талабалари ва бошқалар кўз ўнгида «онангни…» деб ҳақорат қилмасдим, асло! Чунки бу тоифа инсонларга ҳақорат бошқача таъсир қилади. Аллоҳга солишади... Мен эса Худодан қўрқаман.
Ички ишлар органларига унинг қўлига намойишкорона кишан уриб, олиб кетишни буюрмас эдим.
Чунки тушунардимки, мадраса учун таҳоратхона, ошхона қуриш — унинг бош вазифаси эмас. Вилоятда бу ишни қиладиган ўз эгалари бўлиши керак. Айтайлик, тендер орқали. Маълум бир қурилиш ташкилоти тайинланиб, муддатлар белгиланиб. Ҳеч қурса март ойининг бошларида рухсат олинган қурилиш ишларини бошлаш учун эртароқ ҳужжат тайёрланишига камарбаста бўлардимки, иш тезроқ битсин, қишнинг совуқ-қиронли кунларигача чўзилмасин.
Айни ҳолатда шаҳар аҳлининг хайрияси ва ҳашар йўли билан барпо этилаётган объектга алоқам йўқлигини ҳис қилардим. «Баракалла» деб қўярдим, агар моддий томондан ёрдам бериш қўлимдан келмаса, ҳеч бўлмаса маънавий ёрдам беришга интилардим.
Қишнинг қаҳратон совуғида ишлаётган усталарнинг отасига раҳмат деб, кунора бориб кўнглини кўтарардим. «Сиз айтган муддатда безак ишларини тезлаштириб тугатишнинг имкони йўқ, сифат бузилади», деган қўли гул устабошини урмасдим. Ўзини ҳимоя қилиш учун, мен отаётган муштларни қайтариб қолиш учун қўл кўтарганда, «менга қўл кўтарди», деб ички ишлар бўлимига олиб кетишларини талаб қилмасдим. Чунки билардимки ички ишлар бўлимида ўз вазифасига нолойиқ шахслар ҳам бўлиши, тақводор усталарнинг соқолларини мажбурлаб қирдириб ташлайдиган шахслар ҳам учрашини. Гуруч ичида курмак ҳам бўлади-да… Мабодо усталарнинг кўзини қўрқитиш учун шундай қилишга жаҳл устида буйруқ бериб юборсам ҳам, ички ишлар органларидаги касбига нолойиқ ходимлар фуқароларни хўрлагани учун ишдан бўшатилишини талаб қилардим.















