Жамият | 18:45 / 11.02.2018
34151
6 дақиқада ўқилади

Абдулла фермерни нималар ташвишга солмоқда?

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида “Абдулла Мадина Файз” фермер хўжалигидан тушган мурожаат шу туманга навбатдаги сафарни амалга оширишга туртки бўлди. Фермер хўжалиги 2015 йил декабрь ойида туман ҳокимининг қарори билан “Бирдамлик” МФЙда ташкил этилган. Биз муаммо нима эканига аниқлик киритиш мақсадида фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Абдулла Холмуродов билан учрашдик.

“Даставвал, фермер хўжалиги 15 гектардан ортиқ ҳудудда ташкил этилган. Кейинчалик, экин майдонларини оптималлаштириш мақсадида у 3 қисмга бўлиниб, 5 гектардан тақсимланган. Аммо, шу ишни бекор қилган эканман, - дейди Абдулла ака. Ортиқча оворагарчиликдан бошқа нарсага эришмадим”.

Қолаверса, Абдулла ака туманнинг аввалги ҳокими вақтида ҳеч нарса экилмаган, сув чиқмайдиган ва бир неча йиллар мобайнида қаровсиз қолган ерни ўзлаштириб боққа айлантирган. Бундан ташқари, Президентнинг 2017 йил 9 октябрдаги ПФ-5199-сонли фармонида таъкидланганидек, фермер хўжаликларининг кўп тармоқли бўлишига доир бандлар ижросини биринчилардан бўлиб таъминлаш мақсадида “Абдулла Мадина Файз” фермер хўжалигига ёндош ҳудудда жойлашган, бир вақтлар колхоз паррандачилик фермаси бўлган ҳудудда қуён, товуқ ва ўрдак боқишга ихтисослашган қўшимча тармоқни ташкил этишни режалаштирган. Бунинг учун собиқ ферма ҳудудидаги 1 гектар ерни фойдаланишга беришларини сўраган. Аммо...

Туман ҳокимлиги бу масалани вилоят ҳокимлигига, вилоят ҳокимлиги шундоғам ҳеч нарса унмайдиган 1 гектар ерда ферма қуриш учун рухсат бериш масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссиясига тақдим этган. Абдулла ака эса, отанга бор, онанга бордан чарчаб, қўлидаги жавоб мактубларидан “роман” ёзиш мумкинлигини куюниб уқдиради.

Туман ҳокими Отабек Исроилов эса, бу ҳудудда рухсат олмасдан ҳам парранда, қуён боқавериши мумкинлигини, Бекобод туманида паррандачилик ва қуёнчиликка қўл урганлар озлигини айтаётган бўлса, Абдулла ака қурилиш ишларини бошлашга рухсат берувчи барча ҳужжатлар қўлига келиб тушмас экан, ҳеч қандай қурилиш ишини бошламаслигини таъкидлайди.

“Ахир бу ноқонуний қурилма ҳисобланиб қолади. Кейин яна уни ортидан сарсон бўлишни хоҳламайман. Қолаверса, ўзим нафақага чиқмасдан аввал ИИВ тизимида қонунбузарлар ва жиноятчиликка қарши курашган бўлсам, энди қонунни бузаманми?” – дейди мурожаатчи. Унинг айтишича, бизнес-режасини ишга туширса, камида 15-20 киши иш билан таъминланади. 5-10 мингтагача товуқ, ўрдак, 5 минг атрофида қуён парвариш қилиб, халқ дастурхонига ҳам парҳез гўшт, тухум етказиб бериш, бошқа ишлаб чиқарувчиларни парранда пати ва қуён териси билан таъминлаши мумкин бўлар эди.

Абдулла аканинг сўзларига кўра, Бекободда паррандачалик, қуёнчилик унчалик ривожланмаган, қолаверса, унинг бизнес-режасини қўллаб-қувватлайдиган сармоядорлар ҳам бўлган, аммо бугунги кунда улар вилоятнинг бошқа туманларида айни йўналишлардаги лойиҳаларга маблағларини йўналтиришган.

Муаммонинг мағзини айтадиган бўлсак, бир фермер ҳеч ким фойдаланмаётган, сув чиқмайдиган, рентабеллиги паст, аҳоли яшаш пунктидан бир неча километр узоқликдаги (паррандачилик ва қуёнчилик фермаси учун айни муддао) ерда паррандачилик ва қуёнчиликни ривожлантиришни мақсад қилиб, ер сўрамоқда. Аммо қоғозбозлик, сансалорлик туфайли бу иш 2 йилдан бери ҳал бўлмаяпти. Масалани ҳал қилиш учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган, ишлайман деб турган кишига ёрдам берадиган киши топилмаяпти.

Туман ҳокимлигига кўра, айни вақтда бу каби лойиҳаларга рухсат бериш вилоят ҳокимлиги ихтиёрига берилган, бироқ ҳозирча, вилоят ҳокимлиги Абдулла аканинг айни ҳудудда ферма қуришни сўраб қилган мурожаатига жавоб бераётгани йўқ. Ҳокимнинг айтишича, туманда 10 та атрофида “ноль” қийматда бериш мумкин бўлган кўчмас мулк иншоотлари бор. “Абдулла аканинг бу ерда қурилиш ишини олиб боришдан мақсади, - деди Отабек Исроилов, - бу ерда иншоотга эга бўлиш”. Аммо Абдулла ака фермер хўжалиги шу ерда бўлганлиги боис, паррандачилик ва қуёнчилик билан шу ҳудудда шуғулланишдан манфаатдорлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, биз фермер хўжалиги билан танишиб, айтишимиз мумкинки, Абдулла ака фермерлик билан жиддий шуғулланиш ниятида. Акс ҳолда, бу ерга 35 млн сўмга янги трансформатор, сув тортувчи насос ўрнатмаган бўлар эди.

Фермер 1 гектар фойдаланилмаётган, собиқ ферма ҳудудини фойдаланишга сўраб сарсон бўлаётган бир вақтда, қанча асаб, вақт ва маблағ йўқотилмоқда. Ахир тадбиркор учун ҳар бир соат, кун ғанимат, у лойиҳасини қанчалик тез амалга ошириб, ишга туширса, шунча яхши эмасми?

Нафақага чиққанига қарамай, ватан равнақига ҳисса қўшишни истаётган, фермерлик хўжалигини биринчилардан бўлиб кўп тармоқли хўжаликка айлантиришни истаётган Абдулла ака додини ким эшитади? У бугунги ислоҳотлар даврида давлатга елкадош бўлмоқчи, унга ким елкадош бўлади? Савол туғилади: туман ва вилоятда Абдулла ака сингариларга елкадош бўладиганлар борми ўзи?

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид