13:50 / 13.02.2018
7865

Саудия Арабистони ва БАА Яманга 1 млрд доллар ажратди

Фото: Reuters/Khaled Abdullah

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) 31 мартга қадар БМТга Яман аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мамлакат портлари ҳамда инфратузилмасини тиклаш учун ваъда қилинган 1 млрд долларни ўтказиб беришга рози бўлди. Бу ҳақда бутунжаҳон ташкилот бош котиби ўринбосари Марк Лоукок маълум қилган.

Унинг эслатишича, ҳар икки давлат январда Ямандаги гуманитар амалиётлар учун 1 млрд доллар ажратиш, шунингдек, минтақа мамлакатларидан бу мақсад учун яна 500 млн доллар йиғиб беришни ваъда қилган. «Саудия Арабистони подшоҳлиги ва БАА БМТ билан 31 мартга қадар 930 млн долларни Яманда 2018 йили гуманитар чоралар кўриш режасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб бериш жараёнини мувофиқлаштириб олди. Икки давлат маблағларни сарфлашда фақат гуманитар эҳтиёжлар ҳисобга олинишини маълум қилди», - дейилади Лоукокнинг ёзма баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат томонидан яна 70 млн доллар можаро вақтида вайрон бўлган портлар ва бошқа инфратузилмани тиклаш учун тақдим этилади. Унинг аниқлик киритишича, икки давлат томонидан бериладиган маблағ 2018 йилдаги гуманитар амалиётлар учун керакли бўлган 2,96 млрд долларнинг учдан бир қисмини қоплайди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, бу маблағлар 8,5 млн кишига озиқ-овқат етказиб бериш ва 5,4 млн инсонни ичимлик суви билан таъминлашга етади. Бундан ташқари, БМТ ва унинг ҳамкорлари 1400 та мактаб ҳамда 650 та тиббиёт муассасасини тиклашни режалаштирмоқда.

Top