Ўзбекистон | 21:58 / 14.02.2018
7989
2 дақиқада ўқилади

Корея элчихонаси Ўзбекистонда Ўзбек-Корейс маданият уйи қурилишига изоҳ берди

Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси Ким Дже Ун

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий муносабатлар халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида ривожланиб бормоқда. Жаҳон ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича томонларнинг тутган позициялари бир-бирига жуда яқин. 

14 февраль куни Халқаро Пресс-клубнинг "Ўзбекистон-Корея дўстлиги" мавзуидаги сессиясида маълум қилинишича,  Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб кишилар яшайди, мамлакат дунёнинг корейслар яшовчи тўртинчи диаспораси ҳисобланади. Шундай экан, май ойида очилиши эълон қилинган Ўзбек-Корейс маданият ва санъат уйи икки мамлакат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

"Ўзбек-Корейс маданият уйи икки мамлакат маданиятини бирлаштириб турадиган маданий марказ бўлади. Хусусан, бу уй икки томоннинг маданий муносабатларини ривожлантириш ва Ўзбекистонда яшовчи корейс диаспорасини қўллаб-қувватлаш учун қурилмоқда. Ўзбекистон ва Корея ҳукуматлари ушбу маданият ва санъат уйининг тезроқ қурилиши учун имкон қадар ҳаракат қилишмоқда", - дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси Ким Дже Ун KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида.

Таъкидлаш жоизки, сессияда ўзбек ва корейс халқларининг маданияти ва урф-одатлари бир-бирига ўхшаши барча спикерлар томонидан таъкидланди. Шу ўринда Корея Республикасининг Ўзбекистонда намойиш қилинган ва севиб томоша қилинган "Сарой жавоҳири", "Қиш сонатаси" ва "Ёз ифори" каби сериаллари ёдга олинди ҳамда элчи маслаҳатчисига келгусида Ўзбекистонга мана шундай маънавий-маърифий аҳамиятга эга бўлган сериалларни тақдим этиш таклифи берилди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид