Жаҳон | 23:32 / 14.02.2018
6033
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ироқнинг тикланишига 5 млрд долларлик кредит ажратади

Фото: aa.com.tr

Туркия Ироқ инфратузилмасини тиклаш учун 5 млрд доллар миқдорида фоизсиз кредит ажратади. Бу ҳақда Ироқни тиклаш бўйича анжуман якунларига кўра Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғлу твиттерда хабар берди. 

Туркия яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилган Ироқни қўллаб-қувватлашда давом этади. 

Чавушўғлу анжуман ўтган Кувайтга кетишидан аввал журналистларнинг саволларига жавоб бериш вақтида Ироқни ИШИД жангариларидан тўлиқ тозалаш ва уни тиклаш учун барча иш қилинишини айтган.

Унинг айтишича, анжуман вақтида баъзи давлатлар Ироққа гуманитар ёрдам кўрсатиш, инвестиция ва савдо соҳасида кўмак беришга ваъда берган. 

“Туркия 2004 йилдан бошлаб Ироққа 500 млн долларлик ёрдам берган. Бу маблағлар аҳолига гуманитар ёрдам бериш ва Ироқни ривожлантириш учун йўналтирилган. Бундан ташқари, Ироқнинг Ҳамкорлик ва координация агентлиги Ироқда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Туркия компаниялари Ироқда умумий қиймати 25 млрд долларга баҳоланувчи лойиҳаларни амалга оширмоқда. Келгусида турк компаниялари Ироқ иқтисодиётига 5 млрд доллар инвестиция қиладилар”, деб айтган Чавушўғлу.   

Бундан ташқари, Туркия Ироққа гуманитар ёрдам, ривожланиши учун 50 млн доллар ажратади.

Чавушўғлунинг таъкидлашича, анжуманда Ироқни тиклаш учун энг йирик кредитни ҳозирча Туркия ажратган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид