Саудиялик аёлларга эркаклар розилигисиз шахсий бизнес очишга рухсат берилди
Саудия Арабистонида аёлларга турмуш ўртоғи ёки эркак қариндоши розилигисиз шахсий бизнес очишга рухсат берилди. Бу ҳақда қиролликнинг тижорат ва инвестициялар вазирлиги маълум қилди.
Аввал бунинг учун васий розилиги керак бўлган.
“Эндиликда аёллар ўз васийсининг розилиги ҳақидаги исботни тақдим қилмай ўз бизнесларини очишлари ва давлат электрон хизматларидан фойдаланишлари мумкин”, дейилган хабарда.
Саудия Арабистони амал қилувчи васийлик тизимига кўра, аёллар давлат ҳужжатлари билан ишлаш, саёҳат қилиш ва ўқиш учун ўз “васийси”нинг розилиги ҳақидаги исботни тақдим қилишлари керак. Одатда, бундай васий аёлнинг турмуш ўртоғи бўлади.
Жорий ҳафтада мамлакат бош прокуратураси аёлларнинг терговчи лавозимига олинишларини илк бор эълон қилди. Ўтган йил сентябрда эса Саудия Арабистонида аёлларга машина ҳайдашга рухсат берилганди.
Саудиялик аёлларнинг ҳуқуқлари рўйхати валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг ислоҳотлари туфайли кенгаймоқда.
Мавзуга оид
15:56 / 08.10.2024
Туғуруқхоналардаги ўлимни қандай камайтириш мумкин? – Саудияда ишлаётган ўзбек шифокори билан суҳбат
14:30 / 01.10.2024
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Саудия инвестициялар вазири билан музокара ўтказди
19:43 / 29.09.2024
Саудия Арабистонида 2024 йилда қанча инсон қатл этилгани маълум бўлди
12:40 / 27.09.2024