Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ТИВ раҳбари Жавод Зариф Нетаняҳунинг Мюнхендаги чиқишини «цирк» деб атади
Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича халқаро конференцияда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳудан кейин бир неча соат ўтиб сўзга чиққан Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф Эрон асло минтақада гегемонликка интилмаётганлиги, минтақада тинчлик ўрнатиш учун биргаликда саъй-ҳаракат қилинмаса, бошбошдоқлик бошланиши ҳақида гапирган.
Зарифнинг сўзларига кўра, Теҳрон Форс кўрфази давлатларига умумий хавфсизлик тизимини яратишга хизмат қилувчи ҳарбий соҳада ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун биргаликда қадам босишни таклиф этмоқда.
«Агар бизнинг қўшниларимиз бизга қўшилишса, бу минтақада расмий ва норасмий даражада мулоқотни ташкиллаштирувчи восита бўлувчи форумга айланиши мумкин. Эрон томонидан таклиф этилган режанинг параметрлари жуда оддий, лекин самарали. Манфаатлар зиддиятига нисбатан нописандлик ўрнига, биз фарқли фикрлар ва ихтилофларни қабул қиламиз. Ҳелсинки жараёни сингари бўлажак Форс кўрфази хавфсизлиги режаси ишончни мустаҳкамлаш борасида турли чоралар принципига асосланиши керак. Ўзаро ҳарбий ташрифлардан тортиб, ҳарбий ўқув-машқларини ўтказишга қадар, қуролланиш соҳасида транспарентлик чораси ва қурол-яроғ сотиб олишдан ҳарбий харажатларни қисқартиришгача. Умид қиламанки, буларнинг барчаси алал-оқибатда яқин келажакда ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақидаги минтақавий пакт имзоланишига олиб келади», — деган Эрон ТИВ раҳбари Жавод Зариф.
Исроилнинг Эрон манзилига танқидини Зариф рад этди ва Нетаняҳунинг чиқишини, айниқса ўзи билан дроннинг бир бўлагини олиб келганини «цирк» деб атади. Эрон ТИВ раҳбарининг фикрича, бу манзара ҳеч қандай изоҳга муҳтож эмас.
Эрон ва халқаро воситачилар «олтилиги»нинг ядровий битим келажаги ҳақида гапирар экан, Зариф Теҳрон ундан чиқувчи биринчи мамлакат бўлмаслигини таъкидлади.
«Мен сизларни ишонтираманки, Умумқамровли режалар дастури битими доирасида Эроннинг манфаатлари таъминланмаса, Эрон жавоб беради. Жавоб ҳам шу қадар жиддий бўладики, айримлар бундан афсус қилишади», — деди Зариф.
АҚШ президенти Дональд Трамп 12 январь куни Эрон билан «ядровий битим» доирасида санкцияларни ечиш режимини узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари Эронни «терроризмнинг бош ҳомийси» деб атади ва Эрон томонидан баллистик ракеталарнинг синовдан ўтказилганига қарши қатъий санкцияларни қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйиш нияти борлигини айтиб ўтди.
Мавзуга оид
09:13 / 09.06.2026
«Биби, эҳтиёт бўл, акс ҳолда мутлақо ёлғиз қоласан» – Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
14:20 / 06.06.2026
Трамп Нетаняҳудан нега норози?
14:11 / 04.06.2026
“Трамп ва Нетаняҳу жанжали дока рўмол қуришидек гап” – сиёсатшунос
22:03 / 03.06.2026