Ўзбекистон | 22:20 / 20.02.2018
4814
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Ўзбекистонни тиббиёт туризми соҳасида ҳамкорлик қилишга чорлади

Фото: Мамед Мусаев Қурбон ўғли /Халқаро Пресс-клуб

Озарбойжон Миллий ишбилармонлар конфедерацияси президенти Мамед Мусаев Қурбон ўғли Ўзбекистонни туризм, жумладан тиббиёт туризми йўналишида ҳамкорлик қилишга чақирди. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Халқаро Пресс-клуб билан ҳамкорликда ўтказган матбуот анжуманида берилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Озарбойжон Миллий ишбилармонлар конфедерацияси президенти Мамед Мусаев Қурбон ўғлининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Озарбойжон туризм соҳасида кенг ҳамкорлик қилиши мумкин. 

"Озарбойжонда туристик ассоциациялар жуда кўп. Улар ёрдамида икки томонлама сайёҳлар оқимини кўпайтиришимиз мумкин. 

Озарбойжон ва Ўзбекистон -   маданият, тил, қадриятлар борасида жуда ўхшаш халқлар. Тўғрисини айтсам, мен бу ерда ўзимни худди Бакуда юргандек ҳис қиляпман. Шундай экан, биз туризм соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоғимиз лозим.

Айниқса, тиббиёт туризми бўйича ҳамкорлик салоҳияти катта. Бизда нефть ёрдамида турли касалликларни даволовчи "Нафталан" каби санаторийлар бор. Бундан ташқари, Озарбойжонда Каспий денгизи бор, шундай экан, узоқ мамлакатларга боришнинг ҳожати йўқ", - дейди Мамед Мусаев Қурбон ўғли. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид