Жаҳон | 19:50 / 21.02.2018
10563
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистондаги барча мактаблар 5 кунлик ўқишга ўтади

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатдаги барча мактабларни 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Президент қонунни 21 февраль куни имзолади, у 10 кундан кейин кучга киради.

10 январь куни Қирғизистон парламенти учинчи ўқишда таълим ҳақидаги қонунга тузатишларни маъқуллаганди. Унга кўра мамлакатдаги барча мактаблар 5 кунлик ўқиш графигига ўтиши кўзда тутилган.

Кloop.kg нашри хабарига кўра, гимназиялар ва лицейларнинг ўқувчилари айрим фанлардан чуқурлаштирилган таълим берилиши туфайли 6 кунлик ўқишни давом эттиришади.

Ушбу қонун ташаббускори СДПК фракцияси депутати Дастан Бекешев ҳисобланади. У ташаббусини ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам юкламаларни камайтириш зарурати билан изоҳлаганди.

«Хусусий мактабларда ҳам ҳафтасига 5 кун ўқиш бўлиши керак, олтинчи куни эса болалар маданий тадбирларга, тўгаракларга боришлари ёки вақтини ота-оналари билан ўтказишлари мумкин. Ўқитувчилар ҳам дам олиши керак», — деганди Бекешев.

2017 йилнинг январидан мамлакатдаги мактабларнинг 75 фоизида ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизими жорий қилинганди, гимназия ва лицейлар 6 кунлик графикда давом этмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда 1 мартдан бошланғич синфларни 5 кунлик ўқишга ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид