19:10 / 22.02.2018
26012

Қирғизистондаги портлашда жабрланган фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинди

Фото: ФВВ

Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 2018 йил 20 февраль соат 04:30ларда олинган хабарга кўра, Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти, Қўчқор-Ота шаҳридаги хусусий кафеда табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида чақнаш содир бўлганлиги, натижада жабрланган 4 нафар фуқародан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлиги тўғрисида маълумот берилди, деб хабар қилмоқда ФВВ ахборот хизмати.

Ушбу маълумот асосида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази томонидан тезкор чоралар кўрилиб, Қирғизистонлик ҳамкасблар билан жабрланганларни шифокорлар назоратида Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилган.

Мавзуга оид: Қирғизистондаги портлашда жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг исм-фамилияси маълум қилинди

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фарғона, Наманган вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида жабрланган фуқароларнинг шахсини аниқлаш, яқин қариндошларига хабар етказиш ишлари олиб борилиб, 22 февраль куни соат 14:00 ҳолатига Ўзбекистон Республикасига олиб келиш чоралари кўрилган.

Фото: ФВВ 

Ҳозирда жабрланган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон ва Наманган вилоят филиалларига жойлаштирилган ва улар билан зарурий тиббий муолажалар ўтказилмоқда.

Top