Ўзбекистон | 12:30 / 24.02.2018
306998
2 дақиқада ўқилади

15 йил Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашиджон Қодиров қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Р.Х.Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 23 февраль куни Р.Х.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Таъкидланишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бошқа тафсилотлар очиқланмаган. 

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал «Kun.uz» мухбири билан суҳбатда бўлган Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими ходими Қодировга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилганди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, собиқ бош прокурорга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар аслида 22 феврал куни пайдо бўлганди. Kun.uz'даги тасдиқланманган маълумотларга кўра, яна бошқа юқори лавозимда ишлаган собиқ прокуратура ходимлари устидан ҳам ишлар очилган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси - Товламачилик, 205-моддаси - Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 210-моддаси - Пора олишдир. 

Республика Бош прокурори лавозимида 2000 йил апрелидан фаолият юритиб 15 йил ишлаган Рашиджон Қодиров 2015 йилнинг апрелида ишдан бўшатилган эди. У 2015 йил майидан Республика Конституцион суди аъзосига айланган, аммо 2017 йилнинг августидан суд аъзолари таркибида унинг номи йўқ бўлиб қолганди.

Мавзуга оид