Ўзбекистон | 18:46 / 25.04.2023
12787
2 дақиқада ўқилади

Прокуратуранинг аралашуви билан 5 йиллик муаммо ҳал этилди

Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида 38 нафар ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд фуқаро 2017 йилдан бери уларга ажратиб берилган уйга кадастр ҳужжати ололмаётганди. Уларнинг бу муаммосига вилоят прокуратураси эътибор қаратиб, ҳал қилиб берди.

Фото: KUN.UZ

Гап шундаки, Олмалиқ шаҳри Тотувлик кўчасида 1970 йилда ётоқхона сифатида қурилган бино 2017 йилда шаҳар ҳокимининг қарорига асосан “нол” қийматда “UNIVERSAL G`ISHT SAVDO” МЧЖга берилган. Қарорда жамият томонидан давлат инвестиция мажбуриятларини бажариши учун ўз чегарасидан чиқмаган ҳолда реконструкция қилиб, турар жой учун қурилиш ишлари олиб борилиши белгиланган. Ётоқхона турар жойга мослаштирилгач, шаҳар ҳокими қарорига асосан фойдаланишга қабул қилинган ҳамда 15 та хонадон ҳокимликнинг мақсадли коммунал фондига берилган.

Шу тариқа, Тошкент вилоят ҳокимлиги томонидан бинога вилоятнинг турли туманларидан 38 нафар ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро жойлаштирилган. Мазкур уй-жойда яшовчи фуқаролар бир неча йиллардан буён уй-жойни хусусийлаштириш масаласида мурожаат қилиб келишган. Бироқ бино “UNIVERSAL G`ISHT SAVDO” МЧЖ раҳбари Б.Шукуровга тегишли бўлганлиги ҳамда хонадонларни фуқароларга расмийлаштириб беришида турли тўсиқлар борлиги муаммонинг ҳал этилмай қолишига сабаб бўлган. 

2022 йилнинг декабрь ойида фуқароларнинг мурожаати назоратга олиниб, Тошкент вилояти прокурори топшириғига асосан ишчи гуруҳ тузилган ҳолда тадбиркорнинг муаммолари ўрганиб чиқилган. Ўрганишлар давомида унинг номида бир неча йиллардан буён МИБ, кадастр ва солиқ органлари томонидан қўйилган тақиқлар борлиги аниқланган. Мазкур тақиқлар қонунда белгиланган тартибда босқичма-босқич олиб ташланган.

Ҳозирда мазкур уйда яшовчи 38 нафар фуқарога хонадонлар МЧЖ раҳбари томонидан нотариал тартибда ҳадя шартномаси асосида расмийлаштириб берилди.

Мавзуга оид