Жаҳон | 10:51 / 24.02.2018
13116
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 1,6 трлн долларлик лойиҳаларга старт берилади

Фото: AP

Хитой ҳукумати 2018 йилда мамлакат ҳудудида умумий қиймати 10 трлн юань (тахминан 1,6 трлн доллар)ни ташкил қилувчи бир неча йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда China Daily газетаси хабар берди.

"2018 йилда Хитойнинг қатор вилоятлари ва минтақаларида умумий инвестиция ҳажми 10 трлн юандан ортиқни ташкил этувчи йирик инфратузилма лойиҳаларига старт берилади", - дея ёзади нашр.

Газета маълумотларига кўра, "лойиҳаларнинг аксарияти ахборот технологиялари, транспорт ва энергетика инфратузилмаси қурилиши, шунингдек, юқори технологияли ускуналарни ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилади".

Нашрнинг таъкидлашича, Шаньдун шарқий вилоятида, масалан, юқори тезликдаги темир йўл тармоқлари, шунингдек, янги аэропортларнинг қурилиши бошланади. Бу минтақага инвестициялар умумий қиймати 4 трлн юань (тахминан 630 млрд доллар)ни ташкил этади. Бундан ташқари, Хэнань, Хубэй, Цзянси, Гуйчжоу вилоятлари ҳудудида қашшоқлик билан кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирилган бир неча катта лойиҳалар бошланади. Ҳар бир вилоят учун сармоялар ҳажми 1 трлн юань (тахминан 158 млрд доллар)дан ортиқни ташкил этади.

"Барча режалаштирилган лойиҳалар мамлакатнинг бўлажак ривожи учун мустаҳкам асос яратиши керак. Улар саноатнинг янги соҳалари тараққиёти ва иқтисодиётнинг анъанавий соҳалари модернизацияси, шунингдек, Хитой товарлари сифати ҳамда рақобатбардошлигини оширишга йўналтирилган", - дея таъкидлайди газета.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид