Спорт | 09:37 / 28.02.2018
5837
2 дақиқада ўқилади

Олимпиада-2020 тимсоллари танланди

Фото:  EPA-EFE/FRANCK ROBICHON 

Токиода 2020 йилда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ва Паралимпиада расмий тимсоллари сифатида япон анимеси йўналишидаги ўзгача услубда бўлган шаклчалар танланди. Улар мос равишда кўк ва пушти рангдаги катак-катак безакка эга. Ўйинлар ташкилий қўмитаси ҳузуридаги махсус кенгаш бу қарор ҳақида чоршанба куни маълум қилди.

Кенгаш 11 декабрь – 22 февраль кунлари Япониядаги 16 мингдан ортиқ бошланғич мактаблар ўқувчилари ўртасида ўтказилган овоз бериш натижаларига асосланди. NHK телевидениеси хабарига кўра, Ўйинлар тимсолини аниқлаш бўйича шундай услуб олимпия ҳаракати тарихида биринчи марта қўлланилди.
 
Танлов доирасида Олимпиада ва Паралимпиада тимсолларининг тахминан икки минг варианти бор эди. Ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарига келиб, улардан учтаси танлаб олинди, улар бошланғич синфлар ўқувчилари муҳокамасига қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Токиодаги Олимпиада 24 июль – 9 август кунлари, Паралимпиада эса 25 август – 6 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид