Жаҳон | 13:49 / 05.03.2018
10137
3 дақиқада ўқилади

Исроил ТИВ: "Дипломатия иш бермаса, Эронга нисбатан куч ишлатишга тўғри келади"

Фото: РИА Новости / Артур Габдрахманов

Исроил Сурия эскалациясидан манфаатдор эмас, бироқ агар Эрон Сурия чегарасидаги вазиятни ёмонлаштиришда давом этса, шунга яраша жавоб қайтаради. 5 март куни Исроил ТИВ раҳбари ўринбосари Александр Бен-Цви шу ҳақида маълум қилди.

Собиқ БМТ бош котиби Пан Ги Мун бундан аввал Суриядаги сўнгги воқеалар, хусусан, чегарадаги зиддият Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳарбий низога олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтганди. 

"Умид қиламанки, бундай бўлмайди", - деди журналистларга Бен-Цви Пан Ги Мунннинг сўзларини изоҳлар экан.

"Албатта, агар улар (Эрон ҲК) Исроил чегарасига ҳужум қилишса, бизнинг бошқа йўлимиз қолмайди - учувчисиз қурилма билан боғлиқ вазиятни эса Исроил ҳудудига тўғридан-тўғри ҳужум дея баҳолаймиз. Биз қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Бундай ишга қўл урмоқчи бўлган ҳар бир инсон шунга яраша жавоб чоралари кўрилишини яхши тушуниб етиши керак", - дея таъкидлади исроиллик дипломат.

Александр Бен-Цвининг сўзларига кўра, Исроил Суриядаги Эрон базасидаги ҳарбийларнинг аниқ сонига доир маълумотга эга. Бу масала февраль ойида бўлиб ўтган Россия-Исроил ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувда муҳокама қилинган.

Бундан аввал эса Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф Сурияда Эроннинг ҳарбий базалари ва аскарлари йўқлигини айтганди.

"Бу масала Москва билан муҳокама қилинган, албатта. Бизда Суриядаги Эрон базалари ҳақида маълумотлар бор. Ҳозир у ерда айнан қанча база борлигига доир маълумотлар қўл остимда эмас, лекин улар бор", - дейди Бен-Цви.

Исроил ҳукумати Эронни ўзининг ўн минглаб жангарилари, ҳаво ва денгиз базалари билан Сурияни "ёвлар форпости"га айлантиришга уринишда айбламоқда. Қўшни мамлакатда Эроннинг доимий иштироки чегарадош мамлакатлар, хусусан Исроил томонидан йўл қўйиб бўлмас ҳолат сифатида қабул қилинмоқда, шу боис улар агар дипломатия иш бермаса, куч ишлатишга тўғри келишини таъкидлашмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид