Спорт | 20:26 / 05.03.2018
17659
6 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Олимпиададан нима олди?

Жанубий Корея ҳам Ёзги, ҳам Қишки Олимпиадани қабул қилган саноқли мамлакатлардан бири бўлди. 2018 йилги Қишки ўйинлар 1,5 миллион аҳолига эга Канвондо провинциясида бўлиб ўтди, бироқ Олимпияда пойтахти бўлган Пхёнчханда 40 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Бу 1994 йилги Ўйинлар ўтган Лиллехаммер (Норвегия)дан кейинги Олимпиадани қабул қилган энг кичик шаҳар. Шундай бўлишига қарамай, катта молиявий ресурсларни ва сифатли моддий базани талаб қилувчи спорт тадбирини шу ерда ўтказишга қарор қилинди.

Фото: Сергея Бобылева / ТАСС

Бу қарор қабул қилинганига анча бўлди — Пхёнчхан учинчи уринишдагина Олимпиада ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2010 йилги Ўйинларни Ванкуверга, 2014 йилгисини эса Сочига йўллаган. Forbes нима учун Корея Олимпиада ўтказишда қатъий туриб олгани, унга қандай тайёргарлик кўргани ва Ўйинлардан кейин аренани нима қилишига доир изоҳлар билан бўлишди.

Тинчлик ташаббуси

Йирик халқаро спорт форумларини ўтказиш нафақат қабул қилувчи томоннинг иқтисодий ривожланишига, балки унинг миллий имиджи ошишига ҳам хизмат қилади. Жанубий Корея бунга ишонч ҳосил қилишга улгурган: 1998 йилги Ёзги Олимпиада ва 2002 йилги Футбол бўйича жаҳон чемпионати давлатнинг иқтисодий ўсишига улкан ҳисса қўшган ва унинг халқаро мавқеини кўтарган. Шу боис ўтказилган сўровномалар аҳоли орасида Ўйинларга нисбатан юқори мойиллик даражасини кўрсатган.

2010 йилда Жанубий Корея фуқароларининг 52,2 фоизи Қишки Олимпиада ўтказиш ғоясини маъқуллаган. Канвондо провинцияси аҳолисининг 55,6 фоизи Ўйинлар минтақага сезиларли таъсир кўрсатишини тасдиқлаган, лекин 63,8 фоизи 2018 йилги Ўйинлардан кейин объектлардан фойдаланиш муаммосидан хавотирга тушган. Шундай бўлса-да, 2011 йилда Пхёнчханда Олимпиада ўтказишга доир қарор қабул қилинганида деярли барча кореяликлар, яъни аҳолининг 92,4 фоизи уни қўллаб-қувватлаган. Бу жуда муҳим, чунки бундай мегаҳодисага тайёргарлик энг аввало маҳаллий аҳоли муносабатига боғлиқ.

Фото: Reuters

Жанубий Корея аҳолисининг Олимпиадага ижобий муносабати асосан минтақадаги мураккаб сиёсий вазият билан ҳам изоҳланади. Ўйинлар аввал бошданоқ Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги тинчлик мулоқотини қайта тиклаш учун янги имкон сифатида қабул қилинганди. ХОҚ Олимпиадада шимолий кореяликлар иштирок этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади - рўйхатдан ўтиш муддатини узайтирди ва атлетларга қўшимча квоталар ажратди. Охир-оқибат ҳатто икки Корея аёллар хоккей турнирининг очилиш ва ёпилиш маросимларида бирлашган жамоа сифатида қатнашди.

Режали иқтисодиёт

Ташкилотчиларнинг Ўйинларга тайёргарлик бўйича ошиб бораётган харажатларидан хавотир олган Халқаро олимпия қўмитаси 2002 йилдаёқ "Олимпия концепцияси"ни қабул қилган, мақсад - қабул қилувчи томон маблағларни ақл билан сарфлаши ва объектлардан Олимпиададан кейин ҳам фойдаланишга мўлжаллаши. Ўшандан буён Ўйинлар ўтказишга йўналтирилган ҳар қандай ариза шу контекстда кўриб чиқилади. Албатта, Пхёнчхан ҳам бундан истисно эмас.

Дастлабки баҳоларга кўра, Олимпиада Жанубий Кореяга 12,9 миллиард долларга тушди - бу сумма 2011 йилда тахмин қилинган бюджетдан деярли икки баравар кўпдир.

Hyundai тадқиқот институти эса Ўйинлар мамлакатга бундан-да қимматга - 17 миллиард долларга тушган деб ҳисоблайди. Шундай бўлса-да, кейинги ўн йилликда Корея янги инфратузилмадан фойдаланиш ва туристик "бум" ҳисобига 65 триллион вон (60 миллиард доллар)га яқин иқтисодий фойда кўришни режалаштирмоқда.

Ташкилий қўмита харажатларининг аксарият қисми спорт ареналари қурилиши ва қайта таъмирланишига сарфланди. Ўйинлардан кейин кўпинча улардан фойдаланишга доир муаммолар пайдо бўлади. Афинада (2004) ва Рио-де-Жанейрода (2016) кўп стадионлар ҳеч кимга керак бўлмай, бузила бошланган. Корея эса бу борада ижобий тажрибага эга - 1998 йилги Сеул Ўйинларидаги 34 объектнинг барчаси ҳануз муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Бироқ қишки спорт мамлакатда у қадар машҳур эмас (шорт-трекдан ташқари), шунинг учун баъзи ареналарнинг Олимпиядан кейинги тақдири нима бўлиши ҳали-ҳануз номаълум.

2015 йилда Корея тараққиёт институти Олимпиада спорт объектларининг техник-иқтисодий хусусиятларини ўрганиб, Канвондо провинциясида уларни бир йил давомида  қўллаб-қувватлаш 18 миллион доллардан ортиққа тушишини ҳисоблаб чиққан, йиллик даромад эса 3,4 миллион долларга тенг бўлиши тахмин қилинган.

Фото: Cuningham Group Architecture

Шунинг учун ареналарнинг бир қисми Ўйинлардан кейин олиб ташланади. Масалан, Олимпия стадиони музей ва парк зонасига айлантирилади - режалаштирилган реконструкция лойиҳанинг 105 миллион долларгача қимматлашишига олиб келди. Баъзи объектларнинг Олимпиададан кейинги тақдири нима бўлиши эса ҳануз номаълум. 

9-18 март кунлари спорт объектларининг аксарияти белгиланган вазифаларига кўра қўлланади - Пхёнчханда Паралимпиада ўтказилади, шундай экан, ташкилотчиларнинг Ўйинлардан кейин инфратузилмалардан фойдаланиш борасида қарорлар қабул қилишлари учун ҳали вақтлари бор.

Туристик маскан

2018 йилги Ўйинлар ташкилотчилари мусобақалардан кейин Пхёнчхан маҳаллий аҳоли учун ҳам, чет элликлар учун ҳам йил давомида сайёҳлар ташриф буюрадиган марказга айланишига умид қилишмоқда. Hyundai тадқиқот институти сайёҳлар оқимининг ўсишини 2018 йилги Олимпиада иқтисодий жиҳатдан муваффақиятли ҳисобланиши учун асосий шартлар қаторида санаб ўтди.

Фото: Getty Images

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2018 йилги Ўйинлар вақтида Пхёнчханга 2 миллион меҳмон ташриф буюрган. 2018 йилда Канвондога жами 13,7 миллион маҳаллий ва 2,6 миллион чет эллик сайёҳ келиши тахмин қилинмоқда. Бу мамлакат туризм саноати ривожи учун яхши туртки бўлиши кутилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид