Жамият | 13:48 / 06.03.2018
47708
3 дақиқада ўқилади

Яхшилик учун эркакларда куч қолмадими?

Яхшиликда маъно кўп. У тавбадан кейин гуноҳларни ювишда, инсон ҳаётини баракали қилишда, савоб йиғишда, энг муҳими, ўзига ҳам минг марта кўп яхшилик қайтишига сабабчи бўлади. Яхшилик қилган инсон жайдари тилда тушунтирганда, бир ўқ билан икки қуённи уради: дунёвий ҳаётини нурга тўлдиради, охират саодатига эришади. Аммо бу тушунчани иккинчи даражали ҳисобловчи, шундоқ ҳам оқибатсиз дунёда бир-бирига янада меҳрсизлик қилаётган, бепарво кишилар ҳаёт йўлларида учраб турадики, уларнинг борлиги эмас, кўпаяётганлиги кишини ўйга толдиради.

KUN.UZ таҳририятининг ижодий жамоаси маълум мурожаатларни ўрганиш мақсадида водийга йўл олганидан хабарингиз бор. Сафар тугаб, пойтахтга қайтаётганда бир ҳодисага гувоҳ бўлдик. 

Фото: Маъруф Асқаров/KUN.UZ

Гап шундаки, йўлда кетаётганимизда бирдан қор ёғишни бошлади. Иккита туннель оралиғида қор ёғиши авжига чиқди. Шунда йўл четида “Жигули” машинаси тўхтаб қолгани, уни ёши улуғ ўзбек аёллари итариб, юрдиришга уринишаётганининг гувоҳи бўлдик. Уларнинг сони уч нафар эди. Шошилганча ёрдамга тушдим, устимдаги курткам машинада қолди. Икки марта тепадан пастга қараб ҳаракат қилиб кўрдик, бўлмади: чунки ер қор билан қопланган, бу шароитда машинани ўт олдириш амри-маҳол эди. Хуллас, бу муаммони ҳал қилиш учун ёки эвакуатор, ёки тросс керак эди.

Фото: Маъруф Асқаров/KUN.UZ

Бир пайт қарасам, ўзимиз ҳам қор остида қоладиган. Жамоамиздагилар билан нима қилишни билмай қолдик. Шунда туннель олдидаги аскарларда рация бўлади, улар ёрдам чақиришлари мумкин, деган хаёлга бордик ва улар томонга йўлга тушдик. Етиб боргач, машинадан тушиб, аскарлардан бири томон югуриб кетдим. Бош кийимимни бостириб кийиб олганим учунми, аскар мендан хавфсиради (ўзининг ишида) ва қўлидаги қуролини маҳкам ушлаганча, мақсадимни сўради. Вазиятни англагач, “бўлди, бораверинг, раҳмат”, деди ва ёрдам чақиришга кетди.

Фото: Маъруф Асқаров/KUN.UZ

Аёлларга ёрдам келгани-келмагани менга қоронғи, аммо бир нарса жуда алам қилди. Шундай оғир ҳолатда, қор гупиллаб ёғиб турган шароитда, бунинг устига тоғли ҳудудда қийин вазиятга тушиб қолган аёлларга ҳеч ким ёрдамга ошиқмасди. Ён-атрофда бирор зоғ учрамаганда ҳам бунчалик ўпкаламасдим. Аммо атрофдан машиналар ғиз-ғиз ўтиб турарди ва ҳайдовчиларнинг деярли 99 фоизи эркаклар. Аслида, яхшилик, мурувват қилиш жинс, миллат, маълумот талаб қилмайдиган фазилат. Бироқ ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш ўзбек эркагининг муҳим фазилати эмасми? Ёки бу нарса ҳам бизга ёт бўлиб қолдими? Балки бировларга яхшилик қилиш учун эркакларда куч қолмаётгандир?..

Маъруф Асқаров

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид