Жамият | 14:08 / 12.03.2018
7436
4 дақиқада ўқилади

21 ёшли талаба 3та робот яcади

Жорий йилнинг 26 февралидан 2 мартигача Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Маркетинг ва реклама ADWEEK 2018» ҳафталиги бўлиб ўтди. Ҳафталик доирасида ўтказилган инновацион ярмаркада Тошкентдаги Инҳа университети талабаси Достон Мардиев ҳам қатнашиб, учинчи ўринни қўлга киритди. У технологик ишланмалари ҳақида алоҳида маълумот берди:

WALL-E

Биринчи робот макети шундай номланади. Уни яратишимда мультфильмдаги робот мотив бўлган. У уй бекаларига хўжалик ишларини бажаришда ёрдам беради. Шунингдек, чиқиндиларни йиғиб,махсус жойларга ташиш ишларини бажаради. Роботни 1 ой ичида ясаб чиқдим. Университет профессори Ан Чонг Ку молиявий томондан ёрдам берди, маслаҳатини аямади ва Ўзбекистондан топилмаган деталларни Жанубий Кореядан олиб келиб, лойиҳамни тугатишимга кўмак берди. Қурилмадан ёнғинда ва радиацион ҳудудларда фойдаланса бўлади. Унга сунъий интеллект ҳам жойлаштирмоқчиман. Шундан сўнг у оғзаки буйруқларни бажаради ва имкониятлари кенгаяди. Унинг кўзига сенсор мосламаси ўрнатилган бўлиб, воқеа ҳақида масофадан туриб маълумот узата олади. Танловда макетни ҳакамларга кўрсатганимда, уни кейинчалик пахта теришга мослаштириш таклифини айтишди. Етарли инвестиция тополсам, буни амалда синаб кўрмоқчиман.

«SMART» аравачалар

Бу роботни аэропорт, вокзал ва савдо марказларида ишлатса бўлади. Бунда аравача махсус ғилдирак ва сенсор билан жиҳозланади ва унинг ўзи белгиланган жойга боради. Ортиқча меҳнат сарфланмайди. Ҳаммаси автоматлаштирилган бўлади. Ҳозирда олдимизда турган муаммо роботнинг ҳақиқий намунасини яратиш. Бунинг учун маблағ масаласи ҳал қилиниши керак. Ҳомийлар топиш ҳаракатини бошлаганман. Юртимизда машҳур бўлган супермаркетлар тармоғи раҳбарларига ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига лойиҳамни таништирмоқчиман. Бу ҳозирги кунда муҳокамага сабаб бўлаётган аэропортларда йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга ёрдам бериши мумкин. Туристларни юртимизга жалб қилишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Инвестиция киритилса, уни реалликда кўриш имконияти пайдо бўлади.

Сурат чизадиган мослама

Сўнгги стартап болаларга расм чизишни ўргатади. Компьютерга уланган қурилма дастур орқали бошқарилади. Унга jpeg форматидаги ҳар қандай суратни жойлаштириш мумкин. Керакли сурат танлангандан кейин мослама ручка билан ўша расмни чизади. Жараённи кузатиб турган ҳолда мустақил расм чизишни ўрганиш мумкин. Архитектурада ҳам самарали қўлласа бўлади. Биноларнинг расмларини ёзма кўринишда тақдим этади. Енгил саноатда кийимлар бичимини қоғозга туширишда ҳам фойдаланиш мумкин. Уни ясашимга 3-4 кун вақт кетди.

Суҳбат охирида Достон Мардиевдан қуйидаги саволларни сўрадик:

- Тақдим этган лойиҳаларингизни ҳаётга татбиқ этишда қандай тўсиқларга дуч келяпсиз?

- Инвесторларни қаердан, қандай қилиб топиш масаласи қийнаяпти. Уларнинг қайси соҳага молиявий ёрдам кўрсатишлари тўғрисида ягона маълумот базаси ташкил қилинса яхши бўларди. Бирор бир ташкилот шу вазифани ўз бўйнига олиб, иккала томон ўртасида кўприк вазифасини бажариши керак. Бундан давлат ҳам, халқ ҳам манфаатдор бўлади.

- Мамлакатимизда энг сўнгги инновацион технологиялар соҳасини юқори босқичга олиб чиқиш борасидаги таклифларингиз.

- Стартапларни қўллаб-қувватловчи марказ очилиши керак. Яна бир таклифим – ОАВда янги ихтиролар тез-тез ёритилиб бориши лозим. Бу ҳаракат уларнинг фақат назарияда қолиб кетмасдан ҳаётга татбиқ этилишига туртки бўлади. Халқимизнинг улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб боришлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Муҳаббат МАЬМИРОВА

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид