Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғона шаҳарларининг онаси Ахсикент: У туризм гўшасига айлана оладими?
Юртимизда туризмни ривожлантириш бўйича кейинги ойларда жуда юксак эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизга мамлакатимизнинг қадимий тарихидан сўзловчи даргоҳлар билан яқиндан танишиш учун бир қатор енгилликлар ва имтиёзлар яратилаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Шундай гўшалар борки, уларнинг ёнидан ҳар куни, ҳар замон ўтамиз. Лекин эътибор бермаймиз, тарихидан бехабармиз. Аслида, у ерларда буюк тарихимиз, маънавиятимиз, қадриятларимиз яширин бўлади.
Kun.uz Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган ана шундай қадимий масканлардан бири — Ахси шаҳри ҳақида ўз ўқувчиларига ҳикоя қилиб беришни ният қилиб, ушбу масканга борди.
Қадимшунос олимлар томонидан «Фарғона Афросиёби», дея таъриф берилиб, Ахси ёки Ахсикент номи билан аталувчи кўҳна шаҳар харобалари бугунги кунда Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд ва Гулқишлоқ қишлоқлари орасида, Сирдарёнинг шимолида дўнгтепаликлар кўринишида ястаниб ётибди. Мазкур Эски Ахси манзилгоҳи Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади.
Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар моддий – ашёвий далиллар ва энг кўҳна ёзма хитой манбаларига таянган ҳолда, шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрларга тўғри келиши маълумотини беришган.

Ахсикентнинг археологик жиҳатдан ўрганилиши 1885 йилдан бошланган. Дастлаб, Петербург университетининг профессори, таниқли археолог ва шарқшунос Н.Веселовский иш олиб борган. 1913 йилда И.Кастанье томонидан навбатдаги қазишма ва тадқиқ ишлари ўтказилди. 1939 йилда Катта Фарғона канали қурилиши даврида профессор М.Массон бу ерда археологик разведка ишлари билан шуғулланди. 1960 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Яҳё Ғуломов бошчилигида мутахассислар Ахсикентда археологик қазишма ишларини амалга оширишди.
Ўзбекистон Республикаси ФА Археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари доктори А.Анорбоев Ахсикентда узоқ йиллар давомида илмий тадқиқот ва қазишма ишларини олиб бориши натижасида кўплаб илмий мақола ва рисолалар чоп этди.

Олим Эски Ахси манзилгоҳи қадимги Хитой тарихий манбаларида кўрсатиб ўтилган Даван (Фарғона) давлатининг пойтахти бўлганини илмий жиҳатдан исботлаб берди.
Ушбу масканни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо ҳам пойтахт қилган.
«Бобурнома» асарида Умаршайх мирзо пойтахт қилган Ахсини Бобур қуйидагича тасвирлайди:
«...Сайхун суйининг шимоли тарафидағи қасабалар: бир Axcидур. Китобларда Ахсикат битирлар. Нечукким, Асириддин шоирни Асириддин Ахсикатий дерлар. Фарғонада, Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур. Андижондин ғарб сори тўққуз йиғоч (бир йиғоч — тахминан 8,5 км масофага тенг) йўлдур. Умаршайх мирзо муни пойтахт қилиб эди, Сайхун дарёси кўрғонининг остидин оқар. Қўрғони баланд жар устида воқе бўлубтур. Ҳандақининг ўрнига амийқ жарлардур. Умаршайх мирзоким, муни пойтахт қилди, бир-икки мартаба ташқарроқдин яна жарлар солди. Фарғонада мунча берк қўрғон йўқтур. Маҳаллоти қўрғондин бир шаръий йироқроқ тушубтур...»
Айни пайтда қадимда 140 гектардан иборат шаҳарнинг 70 гектарга яқин вайроналари сақланиб қолинган. Сирдарёнинг шимолий қисмида жойлашган Ахсикент барча қадимий шаҳарларимиз сингари учта асосий қисмдан иборат бўлган. Шаҳарнинг арк, шаҳристон ва работ қисмлари бўлган. Маълумки, шаҳарларнинг арк қисмида ҳукмдорлар, шаҳристонда эса шаҳар аҳолиси, турли маъмурий бинолар, масжид ва мадрасалар бўлган. Работ қисми эса шаҳардан четда жойлашган бўлиб, у ерда асосан карвонсаройлар ва бозорлар фаолият кўрсатган.

«Ахсикент» археология объекти меросини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори, тарих фанлари номзоди, доцент Тоҳиржон Қозоқовнинг айтишича, ушбу маскан кўп йиллардан буён 1221 йилдаги мўғуллар босқини натижасида вайрона қилинган деб келинар эди. Бироқ шаҳар орадан 400 йил ўтиб, 1621 йилги кучли зилзила натижасида вайрон бўлгани ойдинлашди.
Айни пайтда ушбу масканни қайтадан тирилтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги «Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида» №831-Қарори қабул қилинди.
Ахсикент юртимиздан етишиб чиққан кўплаб алломаларнинг киндик қони тўкилган замин ҳамдир.

«Ахсикент» махсус жамғармаси директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор, халқаро Бобур мукофоти лауреати Мирмаҳмуд Мирсайдуллаевнинг ҳикоя қилишича, айни пайтда ушбу заминда яшаб ўтган бир қатор олимлар томонидан ёзилган, хорижий давлатларда сақланаётган китобларнинг нусхасини юртимизга келтириш устида музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу жойда «Ахсикент» жамғармаси ушбу заминда олиб бориладиган барча қазилма ишларини молиялаштиради.

«Ахсикент» дирекцияси раҳбари Тоҳиржон Қозоқовнинг бизга сўйлаб беришича, ушбу масканда туризмни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган, керакли мутахассислар жалб қилинган.
Ҳа, қилинаётган хайрли саъй-ҳаракатлар, олимларимизнинг тинимсиз изланишлари натижаси ўлароқ, Ахси хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортадиган юртимиздаги яна бир масканга айланишига албатта ишонамиз. Чунки режаларга кўра бу ерда ҳали қадимий шаҳар қолдиқлари очилади, музей, дам олиш масканлари барпо этилади, Сирдарёда эса Умаршайх мирзо давридаги қайиқлар бандаргоҳи тикланади.
Бироқ, унгача ҳамюртларимизни баҳор фаслида ушбу шаҳар қолдиқларига томошага — қизғалдоқ сайрига таклиф этиб қоламиз.
Шуҳрат Шокиржонов, Маъруфжон Асқаров,
Kun.uz мухбирлари
Мавзуга оид
18:31 / 09.06.2026
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
22:50 / 03.06.2026
80 минг аҳолига мўлжалланган дунёдаги биринчи сузувчи шаҳар лойиҳаси қайта тикланди
20:26 / 29.05.2026