Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқинни олис қилувчи йўллар қачон таъмирланади?
Шу кунларда хизмат вазифамиздан келиб чиқиб, бир мурожаат бўйича Самарқанд вилояти Нуробод туманига боришга тўғри келди. “Самарқанд-Қарши” йўлидан 4Р52 йўли орқали туман марказига бориш учун атиги 27 км қолганлигини йўл ёқасига ўрнатилган белгидан билиб олиш мумкин. Ҳа, демак кўзлаган манзилимизга оз қолди. 15-20 дақиқада туман марказида бўламиз.

Аммо...чучварани хом санаганлигим йўл узра туман маркази томон кетарканман, билина бошлади. Йўлнинг жуда ҳам хароб аҳволда эканлиги сабабли 27 км масофани нақ 50 дақиқада босиб ўтдик. Бу йўлда кетарканмиз, нима учун туман ҳокимлигига бораётганимиз бир муддат ёддан ҳам кўтарилди. Албатта, бораверишда йўл четларига шағал тўкилганини ҳам қайд этишимиз жоиз. Биз суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг сўзларига кўра, ҳар йили баҳор мавсумида худди шу тарзда, яъни шағал ётқизилиб, чуқурлар тўлдирилади ва шу билан таъмирлаш амалга оширилади. Бир-икки марта ёмғир яхшилаб ёққанидан сўнг, шағалдан асар ҳам қолмайди.

Нуробод туман ҳокимлигида ҳокимнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Абдураззоқов билан учрашдик. Унга қилган илк мурожаатимиз ҳам айнан шу йўл масаласи бўлди.
Ш.Абдураҳмонов 4Р52 “А-378 автойўли Сарикўл қ.-Нуробод ш.-Сепки қ.-Қарнаб қ.-Навоий ш.” Автомобиль йўлининг 0-27 км.лик ҳолати жуда ачинарли эканини тан олар экан, мазкур йўл ва 4Р53 “Нуробод ш.-Нурбулоқ ш.-Иштихон ш.” автойўлининг 0-31 км масофаси ҳам қониқарсиз ва таъмирга муҳтожлигини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, республика ишчи гуруҳининг 2018 йил 26 февраль куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган йиғилишида ушбу йўлларни таъмирлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Унда Самарқанд, Каттақўрғон ва туманлардаги ички хўжалик йўлларини жорий таъмирлаш бўйича манзилли рўйхати тасдиқланган ҳамда 4Р52 “А-378 автойўли Сарикўл қ.-Нуробод ш.-Сепки қ.-Қарнаб қ.-Навоий ш.” автомобиль йўлининг 0-27 километри ва 4Р53 “Нуробод ш.-Нурбулоқ ш.-Иштихон ш.” автойўлининг 0-31 км масофаси жорий таъмирланиши белгиланган. Туман ҳокимлиги қурилиш ишлари бўйича бўлими бош мутахассиси Наврўз Раҳмонов бизга тақдим қилган ҳужжатда бу нарса қайд этилган эди.

Сайёр гуруҳимиз маҳаллий йўл масаласида Жомбой тумани Қорамўйин МФЙ ҳамда “Қўрғонсоломон” МФЙ Ғарғали қишлоғидан тушган мурожаат бўйича шу туманга ҳам борди. Маълум бўлишича, Ғарғали қишлоғига олиб борувчи йўлнинг бир қисмига давлат дастури асосида асфальт қоплама ётқизилган, аммо негадир бевосита қишлоққа кирувчи қисми тош ётқизилганича қолиб кетган.


Қорамўйин МФЙнинг Бешбола қишлоғидан Бойтўп ва Саболоқ қишлоқларига олиб борувчи йўлнинг ҳам дастлабки бир неча километридаги ўйдим-чуқур жойлари таъмирдан чиқарилганига қарамай, қолган қисми ачинарли ҳолатда эканига гувоҳ бўлдик. Биз мазкур муаммолар бўйича Жомбой туман ҳокимлигига мурожаат қилганимизда ушбу йўл ҳам 2018 йилги таъмирлаш дастурига киритилганини айтишди. Бироқ тақдим қилинган ҳужжатни ўрганганимизда “нуқсонлар қайдномаси”дан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлди. Бироқ туман ҳокими Умиджон Назаровнинг биринчи ўринбосари Анваржон Суюнов мазкур йўллар таъмирдан чиқарилишини таъкидлади.

KUN.UZ таҳририяти Нуробод ва Жомбой тумани ҳокимликлари берган ваъдаларига мувофиқ, маҳаллий йўллар таъмирини қай даражада амалга оширгани мавзусига яна қайтади.
Мавзуга оид
17:45 / 05.06.2026
“АҚШга мурожаатингиздан хурсандмиз” - Шердор реставрациясига 500 минг доллар ажратилди
17:36 / 05.06.2026
Саида Мирзиёева UNEP ва GEF раҳбарияти билан учрашди
18:49 / 04.06.2026
Саида Мирзиёева Глобал экологик жамғарма Ассамблеясида иштирок этди
20:37 / 03.06.2026