21:20 / 14.03.2018
9005

Қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисига киритилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматида хабар берилди. 

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, иккинчи ўқишда ҳавола этилаётган “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.

Қонун лойиҳасини қабул қилишдан асосий мақсад зиддиятларни, ноаниқликларни бартараф этиш, қонунларнинг тўғри ижро этилишини таъминловчи, уларнинг қўлланилишини енгиллаштирувчи нормалар ва қоидаларни ўзаро мувофиқлаштириш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган.

Фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланиш тарафдори эканлиги, экологик муаммоларни ҳал этишда ўз саъй-ҳаракатларини, биринчи навбатда ушбу муаммоларнинг иқтисодий жиҳатларига қаратиши ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси дахлсизлигини таъминлашда мутасадди ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишини қайд этишди. 

Таъкидлаш жоизки, “Адолат” СДП Сайловолди дастурида энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш масалалари қўллаб қувватланиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, йиғилиш кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг қизғин муҳокамалари марказида бўлди.

Мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида қонун лойиҳаси билан турар жойларда муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш шаклида имтиёзлар бериш кўзда тутилаётгани партия дастурий мақсадларига тўлиқ мос эканлиги депутатлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Кун тартибидаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни такомиллаштириш мақсадида таклиф этилаётган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимиз минтақаларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи-назардан йиғилишда фракция аъзолари автомобиль йўллари соҳасидаги муаммолар ва уларни бартараф этишда таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг роли ва аҳамияти юқори эканлигини ҳамда билдирилаётган таклифлар партия дастурий мақсадлари билан муштарак эканлигини таъкидлашди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган ҳолда партия позициясидан келиб чиқиб, уларни мазмунан бойитишга хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Top