2019-2021 йилларда Ўзбекистонда аҳолига эндокринологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга доир Миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz’да тақдим этилди.

Унга кўра, махсус эндокринологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек мамлакатда қандли диабет касаллигининг олдини олишга доир чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига қатор йўналишлар бўйича вазифалар юклатилади:

·    Эндокринологик касалликлар профилактикаси ва уларни эрта босқичда аниқлашга оид чора-тадбирларни такомиллаштириш, шунингдек бундай касалликларни эрта аниқлаш учун ҳудудларда скрининг дастурларини босқичма-босқич жорий этиш;

·    Эндокринология муассасалари қурилиши, реконструкцияси ва капитал таъмирлови, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши асосида уларнинг моддий-техник базасини модернизациялаш;

·    Аҳолининг замонавий юқори самарали диагностика ва даволаш усулларидан фойдаланиш имконини яхшилаш, эндокрин касалликларни даволашда юқори самарадорликка эришиш, эндокринология муассасаларининг дори воситалари ва реагентлари билан таъминланиш даражасини ошириш;

·    Кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва эндокрин касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва терапиясига оид илмий тадқиқотлар спектрини кенгайтириш, шунингдек халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва илмий ишларга доир халқаро тажрибани соғлиқни сақлаш тизимида амалий татбиқ этиш.

Эндокринология тизимини такомиллаштиришга оид Миллий дастурнинг асосий вазифалари этиб қўйидагилар белгиланади:

Биринчидан, норматив-ҳуқуқий базани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг замонавий талаб ва стандартларига мувофиқ такомиллаштириш;

Иккинчидан, қандли диабет профилактикаси ва аҳоли орасида огоҳлантирувчи тадбирлар ўтказиш тизимини тубдан яхшилаш;

·    Қандли диабет хавф омиллари бўлган 45 ёшдан ошган кишилар ҳамда ҳомиладорликнинг 24-28 ҳафталигида бўлган аёллар орасида скрининг ўтказиш йўли билан дастлабки шифокор кўригини кенгайтириш;

·    Профилактика – қандли диабет билан касалланган кишиларнинг онлайн регистрини йўлга қўйиш, сурункали асоратлар частотасини камайтириш ва касаллик ривожланишини секинлаштиришга йўналтирилган клиник ёндашувларга оид маълумотларни қайд этиб боришни амалиётда татбиқ этиш;

·    Ҳудудлардаги эндокринология диспансерларини зарур реактивлар билан узлуксиз таъминлаш йўли орқали эндокрин касалликларининг замонавий диагностика усулларини татбиқ қилиш.