Жаҳон | 20:56 / 16.03.2018
9986
2 дақиқада ўқилади

Стив Жобснинг қизи отаси билан мураккаб муносабатлари ҳақида китоб ёзмоқда

Фото: Wikipedia

Стив Жобснинг қизи Лиза Бреннан-Жобс отаси билан муносабатларига бағишланган мемуарларни ёзаётгани ҳақида сўзлаб берди. Китоб жорий йилнинг сентябрь ойида тақдим этилади, дея хабар беради Chicago Tribune.

Китобда Бреннан-Жобс отаси унинг шахс сифатида ривожланишига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида сўз юритади. Журналист аёл Apple асосчиси билан у қадар осон кечмаган муносабатларини очиб беришга ҳаракат қилади. Мемуарларни чоп  этадиган Grove Press нашри Бреннан-Жобс тарихини ёш қиз ва унинг отаси ўртасидаги қаршилик ҳақидаги "аччиқ" ҳикоя деб атамоқда. 

Китоб дўконлар расталарига 4 сентябрь куни чиқиши кутилмоқда. Унинг муаллифи, 39 ёшли журналист Лиза Бреннан-Жобс ишбилармоннинг Крисанн Бреннан билан муносабатлари натижасида дунёга келган тўнғич қиз фарзанди. Жобс узоқ вақт оталик ва ҳатто компьютерни қизининг шарафига Apple Lisa деб атаганига доир далилларни инкор қилган. Йиллар ўтгач Стив Жобс қондошликни тан олди, Лизани ўз оиласига кўчириб ўтказди ва уни Ҳарвард университетида ўқитади.

 

Мавзуга оид