Жаҳон | 15:20 / 21.03.2018
22981
4 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони шаҳзодаси: Давлат ғазнасига 100 миллиард доллар қайтарилди

Фото: ТАСС

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва амалдаги ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон Ол-Сауд Американинг CBS телеканалидаги 60 Minutes кўрсатувига берган интервьюсида аксилкоррупция кампанияси шарофати билан давлат ғазнасига катта миқдордаги пулни қайтаришга муваффақ бўлинганини маълум қилди. Forbes шу ҳақидаги мақоласини тақдим этди.

"Қайтарилган пуллар суммаси 100 миллиард доллардан ошади", - дейди тахт вориси. Давлат тасарруфига ким қанча пул берганини айтиш қийин бўлса керак. Бироқ баъзи маълумотларга кўра, шаҳзода Ал-Валид ибн Талал Ол-Сауд Ар-Риёддаги «Ритц-Карлтон» меҳмонхонасидаги ҳашаматли "қамоқ"дан озод бўлиш учун 6 миллиард доллар тўлашига тўғри келган. Бошқалар, масалан, Муҳаммад Ҳусайн Ал-Амудий ҳақида эса, ҳеч нима маълум эмас.

Бошқа шаҳзодалар ва магнатларга нисбатан бундай чораларни қўллашни ҳукмронликни куч билан қўлга киритиш усули деб ҳисоблаш мумкинми ёки йўқлигига доир саволга шаҳзода Муҳаммад шунчаки елка қисиб қўйди. 

Студияда ҳаммаси қандай кечганини аниқ айтиб бўлмайди-ку, лекин теледастур эфирида Муҳаммад бин Салмон дўстона кайфиятда, хушмуомала, лекин бироз мағрурдек туюлди. У ҳатто нима учун қироллик оиласининг баъзи аъзоларига Саудия Арабистони ҳукуматидан миллиардлар ўғирлаш мумкинмасу, унга 500 миллион долларлик яхта ва Франциядаги 300 миллион долларлик саройни сотиб олиш мумкинлигига ҳам изоҳ беришга ҳаракат қилди. У бу пулларни давлат ғазнасидан олмаган бўлса, қаердан олган бўлиши мумкин?

"Менинг шахсий ҳаётим фақатгина ўзимга тегишли бўлишини истардим. Шахсий харажатларимга келсак, мен бадавлат инсонман, камбағал эмас", - деди Саудия Арабистони тахт вориси.

Шаҳзода узоқ йиллар давомида отаси, қирол Салмон ибн Абдул Азиз Ол-Сауддан кўп нарса ўргангани ҳақида сўзлади. Шунингдек у ҳафтасига биттадан китоб ўқигани, кейин эса у бўйича саволларга жавоб беришига тўғри келганини хотирлади. "Қирол доим "агар давлатнинг минг йиллик тарихини ўқиган бўлсанг, кўп асрлик тажрибага эга бўлибсан", деб айтадилар", - дейди шаҳзода. 

Мени ташвишга солган нарса - 60 Minutes кўрсатуви раҳбарияти шаҳзодадан интервью олиш вазифасини айнан Нора О’Доннеллга топширгани бўлди. (Аёл кўрсатувни  бошида ёпинчиқсиз ўтказаётганди). "Аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлими?", - дея сўради у Саудия Арабистони шаҳзодасидан. "Шубҳасиз. Барчамиз инсонмиз. Ҳеч қандай фарқ йўқ", - дея жавоб берди Муҳаммад ибн Салмон.

Кўрсатув давомида О’Доннелл Саудияда ниҳоят аёлларнинг машина ҳайдашига рухсат беришганига кўп эътибор қаратди. Кейин эфирда гўёки мувозанат бўлиши учун кўрсатув бошловчисига бошини ёпиш буюрилган видеолавҳа кўрсатилди. "Биз инсон ҳуқуқларининг кўплаб тамойилларига ишонамиз. Бироқ Саудия Арабистони стандартлари - Америка стандартлари эмас. Биз камчиликларни тузатиш устида ишлаяпмиз", - деди шаҳзода.

Интервью эфирга чиқишидан бир неча кун олдин CBS телеканали Муҳаммад ибн Салмоннинг изоҳлари берилган бир неча роликни тақдим этди, уларда шаҳзода Эрон президенти Али Ҳаманоийни Адольф Гитлерга қиёслаган. У Яман аҳолисининг азоб-уқубатларида Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳарбий амалиётларни айблади. У агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, Саудия Арабистон ҳам Эрондан "ўрнак олиши"ни айтди. Бироқ қўшимча қилди: "Эрон умуман Саудия Арабистонига тенг эмас".

Мавзуга оид