Ўзбекистон | 14:23 / 24.03.2018
14599
2 дақиқада ўқилади

Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ҳукумат таъминлайди

Фото: Norma.uz

«Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.

Маълумот учун: қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши Президентнинг 16.01.2018 йилдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5303-сон Фармони билан назарда тутилган.  

Тақдим этилган қонун лойиҳасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ушбу соҳада қандай ваколатлар ва жавобгарликка эгалиги кўрсатиб ўтилади.
 
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси фуқароларнинг озиқ-овқат билан тўлақонли таъминланиш ҳуқуқларини кафолатлайди ва давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини, шу жумладан:

•  мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур даражада ишлаб чиқарилишини;
•  ички ва ташқи салбий омиллар таъсиридан қатъи назар, давлат озиқ-овқат захираси мавжуд бўлиши, янгиланиши ва тўлдирилишини;
•  давлатда ишлаб чиқариладиган ва фуқароларга сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг давлат стандартлари тизими талабларига мувофиқлигини таъминлайди.

Иккинчидан, лойиҳа билан республиканинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлаш учун жавобгарлик Ҳукумат зиммасига юклатилган. Бир йилда мамлакатда ишлаб чиқарилган ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажми овқатланишнинг физиологик меъёрларига мувофиқ аҳоли йиллик эҳтиёжининг камида 80%ини ташкил этганда, у таъминланган деб ҳисобланади. Яъни таркиби ва ҳажмлари бўйича аҳоли озиқ-овқат рационининг асосини ташкил этувчи озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг улуши 20%дан ошмаслиги керак. 

Учинчидан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат бозори устидан давлат назорати соҳасидаги тегишли назорат функциялари ҳам назарда тутилмоқда.

Бунда умуман мамлакат бўйича ва минтақалар кесимида озиқ-овқатнинг зарурий ва ҳақиқатда ишлаб чиқариш даражалари мувозанатига асосланиб, озиқ-овқат бозори устидан давлат назорати амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси уни ҳам ҳар йили тузади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид