Ўзбекистон | 01:55 / 25.03.2018
52245
6 дақиқада ўқилади

Тошкент конференцияси олдидан: Афғон муаммоси тарихига бир назар

Афғонистон Ислом республикасида сўнгги 40 йилдаги вазият таҳлили, мамлакатдаги қуролли зиддият 3 босқичда ривожланган, деган хулосага келиш имконини беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори Владимир Норов Халқаро Симпозиумлар саройида ташкил этилган анжуманда қилган тақдимотида маълум қилди. 

“Биринчи босқич 1979 йил декабрда совет қўшинларининг чекланган ҳарбий контингентини Афғонистонга киритиш билан бошланди. Бунинг оқибатида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий 1989 йилгача кескин ўзгарди. 1979-1989 йиллардаги уруш мобайнида икки томонда ҳам жиддий йўқотишлар бўлди. Тинч аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлди. 5 млн афғонистонлик қочоқларга айланди. 1992 йилда мамлакатдаги ҳокимият Бурҳониддин Раббоний раҳбарлигидаги мухолифатга ўтди”, - деди В.Норов. 

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда кескинлик кучайишининг иккинчи босқичи Афғонистон ҳарбий-сиёсий харитасида “Толибон” ҳаракати пайдо бўлиши билан боғлиқ. 1995 йили толиблар АИР ҳудудининг қарийб ярмини назорат қилди. Улар мамлакат жанубини тўлиқ бошқарди. 1996 йилда улар Кобулни ҳам эгаллаб олишди ҳамда Афғонистонни Ислом амирлиги деб эълон қилишди. 

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директорининг айтишича, “АИРнинг аввалги ҳукумати ва уларнинг тарафдорларидан ташкил топган “Шимолий Альянс”нинг саъй-ҳаракатлари билан “Толибон” ҳаракатининг шимолга юриши тўхтатилди. 1997 йил бошига келиб, мамлакатда ўзига хос ҳолат вужудга келди: томонларнинг ҳеч бири республиканинг барча ҳудудини ўз назоратига олишнинг уддасидан чиқа олмади. Шу боисдан ҳам улар ўртасидаги кураш давом этди”.

Шу билан бирга, таъкидланишича, 1990 йилларда Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиё минтақасида янги таҳдидлар ва чақириқлар, хусусан терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси каби иллатлар пайдо бўлишига олиб келди.

Ўзбекистон азалий қўшниси бўлган АИРда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида қатор ташаббуслар билан чиқди. Жумладан, БМТ шафелигида “6+2” шаклидаги Афғонистоннинг “Қўшнилари ва дўстлари” мувофиқлаштирувчи гуруҳни ташкил этишни илгари сурди. Унда Афғонистон билан бевосита чегарадош 6 мамлакат – Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон, шунингдек АҚШ ва Россия жалб этилди. 

Владимир Норов

1999 йил 19-20 июлда Афғонистон бўйича БМТ шафелигидаги “6+2” гуруҳининг олий даражадаги учрашуви бўлиб ўтди. Анжуман якунида Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича асосий принципларни белгилаб берувчи Тошкент декларацияси имзоланди. Ушбу ҳужжат ҳамон БМТ томонидан маъқулланган ҳамда Афғонистондаги барча ички сиёсий кучлар томонидан қабул қилинган ягона расмий ҳужжат бўлиб қолмоқда. 

Владимир Норов Афғонистондаги зиддиятнинг учинчи босқичига тўхталар экан, уни 2001 йилги Нью Йорк ва Вашингтондаги терактлар билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади. 

“Шунда сўнг, АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция АИРда БМТ резолюциясига мувофиқ ҳарбий амалиётларни бошлади. Сўнгги 17 йил мобайнида давом этаётган қуролли қарама-қаршилик мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасида сезиларли натижаларга олиб келмади”, - дея қйд этди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори. 

Владимир Норовнинг таҳлилига кўра, сўнгги 10 йилликда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида турли аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар илгари сурилган. 

«Осий юраги – Истанбул жараёни» - халқаро майдон бўлиб, 2011 йил ноябрда АИР, унинг қўшнилари ва минтақавий ҳамкорлар ўртасида замонавий таҳдидлар ва чақириқлар, жумладан қашшоқликка қарши кураш мақсадида ташкил этилган. 

Истанбул жараёнида 15 давлат, хусусан, Ўзбекистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Саудия Арабистони, БАА ва БМТ киради. Шу билан бирга, 16 давлат, 12 халқаро ва ҳудудий ташкилот томонидан қўллаб-қувватланади.

2016 йилда биринчи маротаба Афғонистон бўйича Москва тинчлик ташаббуси доирасида уч томонлама шаклда Россия, Хитой ва Покистон вакиллари ўртасида бўлиб ўтди. 2017 йил апрелида кенгроқ таркибда АИР, Эрон, Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари иштирокида иккинчи давра музокаралари бўлиб ўтди. 

2017 йил 6 июнда Кобулда илк маротаба шу номдаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 27 давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этди. 2018 йил 28 февралида Кобул жараёнининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Бу сафар дунёнинг 25 давлати вакиллари, шу жумладан Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди.

Мазкур анжуманда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг баёнот беришича, “барчаси кўнгилдагидек ўтса”, толибларга Кобулда қароргоҳларини очишга рухсат берилади, фуқаролик паспортлари тақдим этилади ва мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш имкони тақдим этилади. Бундан ташқари, афғон қамоқхоналаридаги толибларни озод қилишда кўмак берилади. Толиблар ОАВдан фойдаланишлари ҳамда оила аъзолари билан мамлакатнинг исталган ҳудудида истиқомат қилишари мумкин бўлади.

Владимир Норов тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишларига ҳам эътибор қаратди. Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида “Афғонистонда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли – бу ҳеч қандай дастлабки шартларсиз марказий ҳукумат ва асосий ички сиёсий кучлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўтказишдир. Музокаралар афғонистонликларнинг етакчилигида Афғонистон ҳудудида БМТ шафелигида ўтказилиши керак. Биринчи галдаги вазифа – Афғонистон Ислом республикасининг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлашдир”, дея таъкидлаган эди. 

Мавзуга оид