Ўзбекистон | 19:40 / 26.03.2018
27212
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги газ конида ёнғин бўлгани ёлғонми ёки рост?..

Фото: KUN.UZ

Хабарингиз бор ўтган йилининг ноябрь ойида сайтимиз орқали Андижон вилояти, Булоқбоши тумани Учтепа қишлоғида газ кони топилгани ҳақида хабар берган эдик.

Фоторепортаж тарзида ёритилган мақолада «Андижоннефть» мутахассислари томонидан Учтепа қишлоғида олиб борилаётган нефть излаш ишлари давомида 1080 метр чуқурликда  табиий газ кони борлиги маълум бўлгани ва ҳудудга газни фильтрлаб тозаловчи ускуналар ўрнатилиб, «зангори олов»ни жиловлаш ишлари жадал олиб борилаётгани айтилганди.

Мутахассислар берган маълумотларга кўра, мазкур кондан  100 атмосфера босимида соатига 2300-2400 кубометр газ оқими чиққан.

Шу йилнинг февраль ойида Учтепа қишлоғида яна бир газ кони ва  5-қудуқдан олиб борилган бурғилаш ва пармалаш ишлари давомида 1250 метр чуқурликдан истиқболли нефть кони топилгани ҳақидаги янгиликни ўқувчиларга етказдик.

Кеча телеграмдаги каналлардан бирида ўша Учтепа қишлоғидаги янги конларда ёнғин чиққани тасвирга олинган видеолавҳа тарқатилди. Тўғриси, инсонлар янгиликка, айниқса шов-шувли хабарга жуда қизиқадилар. Каналнинг рейтингини кўтариш учун тарқатилган ёлғон видеолавҳа бир зумда тарқалиб кетди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Учтепадаги газ конида ҳеч қандай ёнғин ҳодисаси содир бўлмаган. Ижтимоий тармоқ оламида бундай шов-шувли ёлғон хабарлар кўп учраб туради. Интернетда ҳақиқатдан йироқ бўлган бундай янгиликни “фейк” деб атайдилар.

Ёлғон хабар яшин тезлигида тарқалганидан сўнг, айнан Учтепа конида фаолият олиб борувчи техника хавфсизлиги мутахассиси Фурқат Сиддиқов ўша жойни ўзидан видеолавҳа тайёрлаган. Унда, Учтепа газ конида иш бир доимгидек кетаётгани акс этган.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид