Жаҳон | 21:07 / 30.03.2018
3381
2 дақиқада ўқилади

Туркияда сайёҳларга чўкиб кетган кемалар намойиш қилиш режалаштирилмоқда 

Фото: Depositphotos / agiampiccolo

Туркия дайвингга бағишланган сайёҳлик лойиҳаси орқали ҳар йили 200 млн доллар даромад олмоқчи. 

Мармар денгизидаги Яссиада оролини бу лойиҳани амалга оширишнинг асосий жойи қилиш мўлжалланмоқда. 

Норасмий маълумотларга кўра, орол яқинида 25 тага яқин кема, жумладан 4-16-асрларга мансуб қадимий кемалар чўкиб кетган. Улар орасида 1993 йилда чўкиб кетган хорват кемаси ҳам бор. 1979 йилдан орол қўриқланади ва унга махсус рухсат билангина ташриф буюриш мумкин.

Туркия маданият ва туризм вазирлиги бу ерда сув ости маданияти музейини ташкил этишга қарор қилган. Унда 2, 4 ва 16-асрларда чўкиб кетган 3-4 та кеманинг қолдиқларини намойиш қилиш режалаштирилган. 

Таъкидланишича, лойиҳанинг тақдири расмий даражада яқин ойларда ҳал қилинади ва у маъқулланса, ярим йил ичида амалга оширилади. 

Тахмин қилинишича, дастлабки 2 йил ичида сув ости музейига 400 мингдан кўпроқ одам келади, лойиҳадан ҳар йили 200 млн доллар даромад олинади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид