Жамият | 10:11 / 05.04.2018
14909
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида бир гуруҳ босқинчилар қўлга олинди

2018 йил 1 апрелга ўтар кечаси 3 нафар номаълум шахслар юзларига ниқоб кийган ҳолда Тошкент вилояти Пискент туманида яшовчи фуқаро Р.Р. уйига бостириб кириб, уни қўл ва оёқларини арқон билан боғлаб, танасининг турли соҳаларига қўллари ва темир стул билан билан уриб, тан жароҳатлари етказиб, уйдаги сейф ичидан 150 АҚШ доллари ва 2 млн сўм пул маблағларини олиб, ҳодиса жойидан яширинганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Ички ишлар органи ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида ушбу жиноятни муқаддам судланган К.Е. ва Б.М.лар содир этганлиги аниқланиб, 2 апрель куни ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.

 

Мавзуга оид