Жаҳон | 16:15 / 06.04.2018
7267
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президентининг Туркия ва Бельгияга боришдан мақсади нима?

Фото: president.kg

Қирғизистон президенти Сооранбой Жээнбеков 9-10 апрель кунлари расмий ташриф билан Туркияга боради. Бу ҳақида 6 апрель куни матбуот конференциясида давлат раҳбари аппаратининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Дониёр Содиқов берган маълумотга асосланиб, 24.kg нашри хабар берди. 

Қирғизистон президенти Анқарада Туркия давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған ва бош вазир Биноли Йилдирим билан учрашиши режалаштирилган. Ташрифдан мақсад — юқори сиёсий мулоқотнинг йўлга қўйилиши ва савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайтирилиши. 

Томонлар инвестициялар, метрология ва спортга доир қатор ҳужжатларни имзолашни режалаштирмоқда. 

Сооранбой Жээнбеков Туркиядан Брюссель (Бельгия) томон йўл олади. 11-12 апрель кунлари у Евроиттифоқ тузилмалари вакиллари билан учрашади. Қирғизистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликка устувор аҳамият бермоқда. Қирғизистон президенти ЕИ раҳбарияти билан шахсий алоқаларни ўрнатиш ниятида. 

Дарвоқе, ҳозирда Қирғизистон ва Евроиттифоқ вакиллари ўртасида янги узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси тузилишига доир музокаралар олиб борилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид