Ўзбекистон | 08:00 / 09.04.2018
11177
7 дақиқада ўқилади

Янги қарор: Қуйи Чирчиқ туманида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ ташкил этилади

Фото: betakrorbuxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Ҳужжатда қайд этилишича, балиқчилик тармоғида ҳанузгача кўплаб камчилик ва муаммолар сақланиб қолмоқда, уларни самарали ҳал этиш ишчанлик фаоллигини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, балиқ етиштириш учун илғор технологияларни жорий қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш имконини беради. 

Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш учун шароитлар яратиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотлар ва ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида: 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. 

Қуйидагилар “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

ишлаб чиқариш, сунъий сув ҳавзаларини балиқлантиришни янада ривожлантириш ва балиқчилик хўжаликларини таъминлаш учун балиқнинг янги ва синалган турларини иқлимлаштириш орқали наслли балиқ чавоқларини яратиш; 

наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш; 

ўз эҳтиёжи ва балиқчилик хўжаликлари учун тўла қийматли ва юқори оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш орқали озуқа базасини мустаҳкамлаш, дон ва дон экинларини экиш йўли билан буғдой ва сояга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш; 

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан, қафас (садок) усулида, ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида балиқ етиштириш ҳамда сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш; 

биринчи навбатда, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) бўйича замонавий комплексларни ташкил этиш; 

сувнинг гидрокимёвий таркибини лаборатория усулида таҳлил қилиш, балиқларни касалликлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, балиқ касалликларини аниқлаш, уларни даволаш чораларини кўриш; 

балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш жараёнида инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек, мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олувчи таълим муассасалари талабалари учун балиқчилик тармоғида амалиёт ўташни ташкил этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ таркибидаги ер участкаларининг чегараларини аниқ белгилайди. 

Белгилаб қўйилишича:

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади; 

фаолият кўрсатиш муддати мобайнида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади; 

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг фаолияти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади; 

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг оператив бошқарув органи Дирекция ҳисобланади; 

Дирекциянинг фаолиятидан тушган даромадлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Дирекцияни “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошқаради; 

Дирекция Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши қарорлари ва “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ томонидан ишлаб чиқилган бош режалари бўйича маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштиради ва “ягона дарча” тамойили бўйича муҳандислик-телекоммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланишга барча зарур рухсатномалар берилишини ташкил қилади. 

Дирекция бутун фаолият кўрсатиш даврида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк, ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзаларининг Дирекцияга топширилишини таъминлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Дирекция фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 

Балиқчилик тармоғини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансида бўлган табиий сув ҳавзалари доимий равишда алоҳида фойдаланиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритишда вазирлик марказий аппарати тузилмаси таркибида 5 нафар штат бирлигидан кам бўлмаган Балиқчиликни ривожлантириш бошқармаси ташкил этиш, шу жумладан, ушбу бошқармага “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш вазифасини юклашни назарда тутади; 

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида балиқчилик соҳаси йўналишларида бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул квотасини камида икки баравар оширишни кўзда тутади; 

Тошкент давлат аграр университетида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб “Балиқчилик” йўналиши бўйича камида 6 нафардан иборат магистратура курсини ташкил этади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид