Жамият | 20:35 / 12.04.2018
76924
3 дақиқада ўқилади

Намоз ўқимоқчимисиз, пул тўланг...

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 февраль куни имзолаган «Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» шиори остида мамлакат бўйлаб ички туризмни ривожлантириш мақсадида маҳаллий сайёҳларни саёҳат қилишга рағбатлантирилмоқда.

Бироқ ислоҳотларнинг барчаси инсон омили учун бўлаётгани, пировард мақсадда кишиларга қулайлик яратиш ва самарали дам олишни ташкиллаштириш экани ёддан кўтарилмоқда. Бир мисол кўринишида ушбу вазиятга назар ташласак: улуғ муҳаддис Имом ал-Бухорий зиёратгоҳига ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ хурсанд бўлмаслиги мумкин.

Биринчидан, шу пайтгача маҳаллий аҳоли учун кириш бепул бўлган мажмуа эшигидан энди пул тўламасдан ўтиб бўлмайди. Тушум бўлиши хўжалик ишларини юритиш ва мажмуада хизмат қилаётган ходимларнинг маошига сарфланишини барчамиз яхши англаймиз. Шунга қарамасдан, эшик олдига касса ўрнатиб, “соққа” санаб ўтирганлар масаланинг бир жиҳати билан ҳисоблашмаган. Зиёратгоҳга киришда масжид ҳам мавжуд. Йўл устида жойлашган Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи йўловчи мусофирлар учун тоат-ибодат қилиб ўтишга ҳам қулай. Эътибор қилсангиз, масжидга кириш ҳам ўз маъносида пулли бўлиб қолди. Намоз ўқиш учун тўхтаган киши ҳам пул тўлаб кириши шарт.

Иккинчидан, кассада пул тўлаш механизми аниқ тартибга солинмаган. Дуч келган сайёҳ пул тўлайди, уддабурони эса бепул кираверади. Айнан пул масаласида икки оғиз сўзни таъкидлаш жоизки, фискал хотирали касса аппарати, терминал қўйилгани ўз йўлига, кассадаги маблағларни сақлаш, нақд пул тушумини инкассация қилиш каби жиҳатларга эътибор қилиш керак.

Умуман олиб қараганда, ички туризмни ривожлантириш бўйича рағбатлантириш механизмини тайёрлаш, уларни амалиётга жорий этиш муҳим устувор вазифа саналади. Шунга ҳамоҳанг равишда азалий қадрият, миллий урф-одатлар ҳамда ижтимоий омиллар ҳам ҳисобга олиниши шарт, деб ўйлайман.

Рўзиохунов Алишер

Мавзуга оид