Жаҳон | 08:17 / 13.04.2018
18360
2 дақиқада ўқилади

АҚШ самолётлари Россиянинг Суриядаги базалари яқинида разведка ўтказди

Фото: CC BY-SA 2.0 / aceebee / Boeing P-8A Poseidon

АҚШнинг 7 та ҳарбий самолёти Россиянинг Ҳмаймим авиабазаси ва Тартусдаги моддий-техник таъминот базаси жойлашган ҳудудда разведка ўтказди. Бундан ҳарбий авиация парвозларининг мониторинги маълумотлари дарак бермоқда.  

Гап АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 6 та P-8A Poseidon патруль самолёти ҳамда битта EP-3E Aries II радиоэлектрон разведка самолёти ҳақида кетмоқда. P-8A Poseidon’лар Италиянинг Сицилия оролидаги Сигонелла авиабазасидан, EP-3E Aries II эса Грециянинг Крит оролидаги базадан ҳавога кўтарилган.

Аввалроқ АҚШнинг CNBC телеканали вазиятдан хабардор манбага иқтибос келтирган ҳолда АҚШ Сурияда зарба бериш учун мўлжал сифатида 8 та объектни кўраётганини маълум қилганди. Мўлжаллар рўйхатида иккита ҳарбий аэродром, гўёки кимёвий қурол ишлаб чиқаришга алоқадор бўлган тадқиқот маркази ва корхона бор.

Оқ уйда маълум қилинишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Сурияга зарба бериш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаган. 

Сурия атрофида кескинлик Суриянинг Дума шаҳрида кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги хабарлар сабабли авж олди. Ғарб давлатлари ҳужумда Дамашқни айбламоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид