Ўзбекистон | 19:52 / 17.04.2018
6709
4 дақиқада ўқилади

"Ўзбекистондан кетмасимданоқ бу ерга яна келишни режалаштириб қўйдим" - Карен Ананд

Karen’s Gourmet Kitchen ва  Markets by Karen Anand компаниялари асосчиси Карен Ананд Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Миллий PR-маркази таклифига биноан Ўзбекистонга келди. Қўмита вакиллари KUN.UZ'га шу ҳақида хабар беришди.

Карен Ананд Ўзбекистонга саёҳати давомида ўзининг ёрдамчиси Фалгуни Гохкале билан Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида бўлди ҳамда мамлакатнинг тарихий обидалари билан танишди. Шунингдек улар маҳаллий ресторанларда ҳам бўлиб, миллий таомларимизни завқ билан татиб кўришди ва ҳар бирининг тайёрланишини яхшилаб ўрганишди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Бундан ташқари, Карен Ананд Ўзбекистоннинг миллий санъат намуналаридан катта таассурот олди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

"Сизнинг юртингиз менга жуда ёқди, - дейди Карен. - Миллий таомлар, тарихий обидалар, одамлар - жуда зўр. Кашталар, сўзаналар, гиламлар, ипак ва керамика - барчаси жуда ажойиб. Албатта, бу ерда мен харидлардан ўзимни тия олмадим ва ватанимга тўла чемодан билан қайтяпман, ҳатто юким керагидан ортиб ҳам кетди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Ўзбекистонда инвесторлар ва ишбилармонлар учун имкониятлар жуда кўп, деб ўйлайман. Кетмасимданоқ бу ерга яна келиш режасини тузиб қўйдим ва келаси сафар бир ўзим эмас, бутун бир гуруҳ билан келишни режалаштиряпман. Ҳойнаҳой, шу йилнинг сентябрида, мева ва сабзавотлар ғарқ пишган мавсумда Ўзбекистонга яна келсак керак, мен айниқса сизнинг тарвуз ва қовунларингиз донғи ҳақида эшитганман. Дўстларим ва танишларимнинг Ўзбекистонга саёҳати унутилмас бўлишини хоҳлайман. Менинг фикримча, Ўзбекистонни халқаро миқёсда кўпроқ реклама қилиш керак, зеро кўпчилик сизнинг юртингиз ҳақида етарлича тасаввурга эга эмас. Сизнинг Ҳиндистондаги "элчингиз" бўлишдан беҳад шод бўламан", - дейди Ананд.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Каран Ананд ташриф якунлари бўйича ўз блогида ( karenanand.net), шунингдек Британиядаги BBC Good Food нашрида ҳамда машҳур Hindustan Times нашрида Ўзбекистонга саёҳати ҳақида ёзишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун: Карен 17 та китоб муаллифидир. У саёҳатлар ва таомлар ҳақида ёзиш баробарида турли рецептлар тузувчиси ва рестораторлар бўйича маслаҳатчи ҳамдир. Шунингдек Ананд Hyatt Hotels and Resorts, Hilton, Jet Airways, The Park and Khyber, Phillips, Britannia  каби йирик компаниялар фаолияти бўйича маслаҳатлар берган. У Star TV телеканалида таомлар ҳақидаги биринчи телевизион дастур муаллифи ҳисобланиб, унда ҳиндистонлик юлдузларга таом тайёрлашни ўргатади ва Ҳиндистон телевидениесида кулинар шоуларни олиб боради. Ананд хоним BBC Good Food, Harpers’ Bazaar, Travel and Leisure, Lonely Planet каби нашрлар учун колонкалар юритади.

 

Мавзуга оид