Ўзбекистон | 22:10 / 18.04.2018
13729
2 дақиқада ўқилади

Чарм пойабзалчилар муаммоси. Бош вазир ўринбосарининг ваъдаси бажарилмай қолмоқда

Фото: Kun.uz

Сайтимиз орқали «Чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар касод бўлиш ёқасида – минглаб кишилар ишсиз қолиши мумкин» сарлавҳаси остида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларнинг муаммоси кўтариб чиқилганди.

Мақолада айни кунда чарм маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашёни мамлакатимизга олиб киришда берилган имтиёз муддати тугагани туфайли, тадбиркорлар қийинчиликка дуч келгани баён этилганди. 

Мазкур мақола эълон қилингандан сўнг, бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов, Республика бош прокурори ўринбосари Эркабай Аминович Таджиев, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмасининг мутасаддилари иштирокида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтган. 

Йиғилишни вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич очиб бериб, бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ишлар билан таништирган, шундан сўнг Бош вазир ўриносари Нодир Отажонов бугунги кунда ҳукумат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани, айнан чарм пойабзал тизимини комплекс ривожлантириш буйича Президент қарори имзоланиш арафасида турганлигини айтиб ўтган. Шунингдек, у ўз сўзида тадбиркорларга ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хом ашёни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича таклифлар бўлса, қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот самимий руҳда бўлиб, савол-жавоб тарзида давом этган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1050 қарорида белгиланган имтиёз масаласи атрофлича муҳокама қилинган, мулоқот якунида Бош вазир ўринбосари масалага ижобий ечим сифатида тегишли чоралар кўрилишини эълон қилганди.

Бироқ, тадбиркорларнинг маълум қилишича, учрашув бўлиб ўтганидан бери ушбу масала ечими бўйича олдинга силжиш кузатилмаган, тадбиркорларнинг фаолияти эса кундан-кунга оғирлашиб бормоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид