Жамият | 01:41 / 20.04.2018
15039
3 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик воситалари билан қўлга олинган шахслар жазосини олди

Фото: KUN.UZ

Бугун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида судья К.Аматахунов бошчилигида судланувчилар А.Муталов ва Р.Файзиевларга нисбатан жиноят иши кўрилди.

Кун.уз мухбирининг хабар беришича, А.Муталов 1998 йил 29 апрелда Жиноят кодексининг 276 модда 1 қисми, яъни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш билан судланиб, 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2000 йил 14 июльида 168 модда 3 қисми «б» банди, яъни фирибгарлик жинояти билан судланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2001 йил амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод қилинган.

Иккинчи судланувчи бўлмиш Р.Файзиев муқаддам 5 марта турли хил (фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, ўғрилик, безорилик) жиноятларни содир этиб, муқаддам судланган, озодликдан маҳрум қилинган.

Судланувчи А.Муталов 2018 йил 2 январь куни соат 10 ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда Яккасарой ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида «Эски Жува» деҳқон бозорининг атрофида айланиб юрган пайтида гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишда гумонланиб тўхтатилади. Холислар иштирокида тинтув қилинади. Ёнидан 5 дона пакетга ўралган «Гашиш» борлигини тан олади. Баённома асосида ундан гиёҳвандлик воситалари олинади. Тезкор суриштирув натижасида гиёҳванд моддалар судланувчи Р.Файзиевдан совға тариқасида олинганлиги аниқланади. Холислар иштирокида унинг уйи ҳам тинтувдан ўтказилади. «Канабис мойи» деб номланган гиёҳванд модда топилгач, баённома тузилиб олиб қўйилади.

Суд барча (енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи)ҳолатларни ҳисобга олиб, А.Муталовни Жиноят кодексининг 276 моддаси 2 қисми «а» банди (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш) билан айбдор деб топилди. У қилмиши учун уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони ўташ даврида сурункали ичкиликбозлик ва гиёҳвандликдан мажбурий тартибда даволаниш чораси қўлланиладиган бўлди.

Р.Файзиев эса Жиноят кодексининг 273 моддаси 5 қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан 10 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони ўташ даврида сурункали ичкиликбозлик ва гиёҳвандликдан мажбурий тартибда даволаниш чораси қўлланиладиган бўлди.

Судланувчилардан олинган гиёҳванд моддалар йўқ қилиниши кўрсатиб ўтилди.
Ҳукмдан норози тарафларга ҳукм эълон қилингандан сўнг 10 кун ичида аппеляция, 10 кундан кейин эса кассация тартибида протест ёки шикоят келтиришлари мумкинлиги кўрсатилиб ўтилди.

 

Мавзуга оид