Жамият | 12:00 / 20.04.2018
20534
2 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун қандай имтиёзлар бор?

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида Фармони билан 9 май умумхалқ байрами арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги Фармони билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари 5 000 000 (беш миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Аввалги йиллари, хусусан, 2017 йилда бир марталик пул мукофоти - 2 000 000 (икки миллион) сўмни, 2014 йилда – 600 000 (олти юз минг) сўмни, 2013 йилда эса – 500 000 (беш юз минг) сўмни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 1941 – 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда йилига бир марта Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санаторийларида ўн икки кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқига эга.

Ушбу фахрийлар соғломлаштириладиган санаторийлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 октябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тасдиқлаш учун киритилади.

1-гуруҳ ногиронлиги бўлган уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бир нафар кузатувчи шахс учун қўшимча текин йўлланма олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, фахрийлар темир йўл транспортида бепул юриш ва ҳаво транспортида имтиёзли учиш ҳуқуқи мавжуд.

1-гуруҳ ногиронлиги бўлган уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзларини кузатиб бораётган бир нафар шахс учун ҳам бепул ва имтиёзли юришга чипта олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Мавзуга оид