Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Анонс: Италияда йил ўйини, Англияда сўнгги умид ўйинлари
Тўғрисини айтиш керак, ўтган ҳафталарда чемпионатлардаги асосий таъқибчилар ҳафсалани пир қилишди. «Бавария» ва «ПСЖ» 2-ўриндаги жамоаларни мос равишда 6:0 ва 7:1 ҳисобида енгиб, чемпионликни расмийлаштиришган бўлишса, шунақа ўйинда характер кўрсатган «Манчестер Юнайтед» уч кун ўтиб, янада хунукроқ тарзда чемпионликни топширишди. «Вест Бромвич» «Олд Траффорд»да зафар қучди.
Кеча эса, бу масалада анча жиддий ва енгилмас бўлган «Атлетико» ҳам ишонган тоғдаги кийик каби, «Реал Сосьедад» майдонида йирик мағлубиятга учради ва «Барселона»нинг ишини осонлаштириб берди. Демак, кучли бешликда чемпионлик масаласи деярли ҳал.
Шундай бўлса-да, биз қизиқиб кузатиладиган мамлакатлар интригадан холи эмас. Келинг, келаётган дам олиш кунлари эътиборимизни жалб қиладиган асосий баҳслар ҳақида ҳикоя қиламиз.
АНГЛИЯ: Сўнгги умид ўйинлари
«Арсенал» мавсумни боши узра суперкубокни кўтарган ҳолда бошлаганди, «Манчестер Сити» чемпионат билан бирга, февралда Лига кубогини ютиб олган. «Ливерпуль»да ҳали Европадаги энг нуфузли турнирда ғолиб бўлиш имконияти бор. Топ-6 даги ушбу мавсумда ҳали соврин ютмаган қолган уч жамоада эса, Англия кубоги сўнгги имконият бўлиб қолмоқда. Соврин эса битта, демак уч жамоадан иккитаси йилни қуруқ қўл билан тугатишади.
Эртага, 21 апрель куни, соат 21:15да «Уэмбли»да дастлабки ярим финал ўйини бўлиб ўтади. «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида. Ҳар икки жамоа ҳам ҳафта ўртасидаги чемпионат баҳсларини ўтказишди ва айтиш керакки, бу ўйинларга танланган таркиблар жамоалариннг айнан ярим финал ўйинига катта эътибор қаратганликларини сезиш мумкин эди.
Ушбу жамоаларнинг АПЛдаги ўйинларида «Олд Траффорд»да мезбонлар 1:0, Лондондаги ўйинда эса, «Тоттенҳэм» 2:0 ҳисобида устун келган. Умуман, сўнгги йилларда бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида аксарият ҳолларда мезбонлар ғалаба қозонишяпти. Ана энди, нейтрал майдонда ким кучли эканини билиб оламиз. Ўйин «Тоттенҳэм» бутун мавсум уй ўйинларини ўтказган «Уэмбли»да бўлиб ўтса-да, бу сафар ҳар икки томоннинг мухлислари деярли тенг бўлишини бўлиши катта аҳамият касб этади.
Яна бир факт, «Манчестер Юнайтед» ушбу стадионда қаторасига олти («Манчестер Сити» – 3:2, «Уиган» - 2:0, «Эвертон» – 2:1, «Кристал Пэлас» – 2:1, «Лестер» – 2:1, «Саутҳэмптон» – 3:2) кубок ўйинида ғалаба қозониб келмоқда.
«Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» ҳеч бўлмаса, ЕЧЛ ўрнини нақд қилишди, «Челси» учун эса, бу соврин ростанам охирги имкониятдир. Конте жамоасига нариги жуфтликдан кўра осонроқ рақиб тушгандек, аммо бошқа томондан, АПЛда омадсизликка учраётган клуб кубокни қўлга киритишга уриниб кўриши мумкин. Эсингизда бўлса, 2012/13 йилги мавсумида Премьер Лигани тарк этган «Уиган» Англия кубогини ютиб олганди. «Саутҳэмптон» ўтган йили Лига кубоги финалида «Уэмбли»да «Манчестер Юнайтед»га муносиб рақиб бўла олганини ҳам унутмаслик керак.
«Челси» ва «Саутҳэмптон» ўртасидаги сўнгги беш ўйинда лондонликларнинг қўли баланд келган.
Таркибларга қарасак, «Саутҳэмптон» Лемина ва Буффални майдонга тушира олмаса керак. Конте эса, уч ўйинга дисквалификация олган Маркус Алонсодан фойдалана олмайди. Ўйин якшанба, 22 апрель куни соат 19:00 да бошланади.
ИСПАНИЯ: Испания кубоги финали
Ҳозирда «Реал» мухлислари отда, лекин атиги ўн кундан кейин ҳаммаси чаппасига кетиши, мадридликлар «Бавария»дан ютқазиб, якунда «Барселона» икки соврин билан мавсумни тугатиши мумкин. Бунга биринчи қадам, эртага, 21 апрелдан 22 апрелга ўтар кечаси¸ Мадридда, «Атлетико» уй ўйинларини ўтказадиган «Ванда Метрополитано»да ташланиши мумкин.
Шу куни «Барселона» «Севилья»га қарши майдонга тушади.
«Севилья» ушбу мавсумда миллий чемпионатда беқарор ўйин кўрсатган бўлса-да, кубок тизимидаги баҳсларда илиқ таассурот қолдирди. Европа Чемпионлар Лигасида «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» каби жамоаларга қарши 4 ўйинда бирор марта ҳам ютқазмади. Чорак финалда «Бавария»га муносиб қаршилик кўрсатди. Испания кубогидан «Атлетико»ни чиқариб юборди. Эсласангиз, «Барселона»га қарши Ла Лига ўйинида ҳам катта устунлик намойиш этган, ўшанда каталонияликлар сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолишганди.
Яъни таркиб жиҳатидан тажрибали футболчиларга эга бўлган «Севилья» алоҳида учрашувда ҳар қандай рақибга қарши натижа кўрсатиши мумкин. Бу жамоалар ўртасидаги сўнгги финал – Европа Суперкубоги ҳам ҳамманинг ёдида. «Барселона» фақат қўшимча вақтда 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Каталонияликлар таркибида «Севилья»нинг собиқ футболчиси Иван Ракитич майдонга туша олмаслиги мумкин. Бармоғини синдириб олган хорватиялик футболчи машғулотларга қатнаша бошлаган бўлса-да, асосий таркибдан четда бўлиши кутилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳат, андалусияликлар ҳимоячиси Клеман Лангле янги мавсумни «Барселона» таркибида бошлаши ҳақида хабарлар тарқалди. Финал ўйинида эса у «Севилья» шарафини ҳимоя қилади.
ИТАЛИЯ: Йил ўйини
Италияда эса, тўғридан тўғри чемпионлик масаласини ҳал қиладиган тўқнашув кутмоқда.
Ўтган турда «Кротоне»га қарши ўйинда «Ювентус» қоқилди ва мавсум тугашига 5 тур қолганда «Наполи» билан орадаги фарқ энди 4 очкони ташкил қилмоқда. Энди эса, Туринда «Ювентус» ва «Наполи» ўзаро орани очиқ қилади. Бу ўйин «Наполи»га фарқни қисқартириш учун имкониятми ёки ўйиннинг Туринда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, охирги беш турда сиртқи кураш осонроқ бўлармиди, айтиш қийин. Биз мухлислар учун албатта, чемпионликка дадил қадам ташлайдиган жамоа бу қадамни ўзаро ўйинда ташлагани дуруст ва чиройли чиқади. Агар «Ювентус» ғалаба қозонадиган бўлса, орадаги фарқ 7 очкони ташкил этади ва тўрт ўйин қолганда бу фарқни йўққа чиқариш амалий томондан имконсиз.
Таркиб жиҳатидан «Ювентус»да аҳвол бироз ёмонроқ. Мадриддаги ўйин қаҳрамонларидан бири Марио Манжукич касал бўлиб қолди, шунингдек, Миралем Пьянич яна мушакларидан жароҳат олди. «Наполи» эса, ўйинга жуда яхши ҳолатда етиб келмоқда. Фақат узоқ муддатга сафдан чиққан Фейзи Ғулом ҳануз тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.
Жамоаларнинг Неаполда ўтган ўйинида меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
ГЕРМАНИЯ: ЕЧЛ йўлланмаси учун
Бундеслиганинг бу мавсуми аввалгиларга ўхшамаяпти. Гап «Бавария»нинг чемпионлигида эмас, унинг орқасидан келаётган ва ЕЧЛ ўринлари учун курашаётган жамоаларнинг кўп эканида. Пешқадам клублар беқарор ўйин кўрсатишдими ёки ростдан ҳам бу ўринларга даъвогар кучли жамоалар кўпайдими? Икки жавоб ҳам қисман тўғри, балким.
Фақат «Шальке» Рур дербисидаги ғалабадан сўнг, 5-ўрин билан фарқни 8 очкога ошириб, ЕЧЛ йўлланмасини деярли нақдлаб олди. 3-4 ўринлар учун кураш қизиган.
Бу турда ҳам 3-7 ўринларни эгаллаб турган жамоаларнинг иккита ўзаро тўқнашуви бор. «Боруссия» ўз майдонида «Байер»ни қабул қилади. Ҳозирча ҳар икки жамоа 51тадан очко тўплаган ҳолда 3-4 ўринларда боришмоқда. Кейинги жамоа ҳисобида 47 очко борлигини эътиборга олсак, бу турдан кейин ҳам тўртлик ўзгармайди, лекин бу ўйинда мағлуб бўлган жамоага пастдагилар анча яқинлашиб олишади.
«Байер» аввалги икки турда ҳам Топ-7 жамоалар билан ўйнади ва ҳар икки ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Сўнгги 3 ўйиндан иккитаси аламли («Бавария» – 0:6, «Шальке» - 0:2) мағлубиятга учраган дортмундликлар эса, бу сафар вазиятни ўнглашга уринишлари шарт.
Бу икки жамоани энг яқин таъқибчиси «Лейпциг» ўз майдонида «Ҳоффенҳайм»ни қабул қилади. Меҳмонлар бир очко кам тўплашган – 46. Демак бу ўйинда ҳам ЕЧЛ йўлланмаси учун курашга таъсир қила оладиган қизиқарли курашни кўришимиз мумкин.
ФРАНЦИЯ: Қайси «Олимпик»?
Келаси мавсумда Франциядан ЕЧЛда «Олимпик» жамоаси қатнашади. Фақат бу ўша 90-йиллар бошида Европани зир титратган «Марсель»ми ёки «Реал»нинг тушларига кириб чиқадиган, мадридликларнинг аср бошларидаги гегемонликларига камтарона барҳам берган «Лион»ми? Бу савол сўнгги турларгача Францияда янграб турса керак.
Ҳа, Франция кучли бешликка киради, аммо афсуски, кучли тўртлик эмас. Фақат уч француз жамоаси келаси мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади холос.
Ҳозирча «Лион» ва «Марсель» ҳисобида 66тадан очко бор. Бу турда «Лион» сафарда ўртамиёна «Дижон» меҳмони бўлса, «Марсель» ўз майдонида «Лилл«ни қабул қилади. «Лилл» лигада қолиш учун кураш олиб бораётган жамоа эканини ҳам таъкидлаш лозим.
ЎЙИНЛАР
20 апрель
ДИЖОН – ЛИОН (24:00)
21 апрель.
ЛЕЙПЦИГ – ҲОФФЕНҲАЙМ (18:30)
МАРСЕЛЬ – ЛИЛЛ (20:00)
МЮ – ТОТТЕНҲЭМ (21:15)
БОРУССИЯ – БАЙЕР (21:30)
БАРСЕЛОНА – СЕВИЛЬЯ (24:30)
22 апрель
ЧЕЛСИ – САЙТҲЭМПТОН (19:00)
ЮВЕНТУС – НАПОЛИ (23:45)
Мавзуга оид
15:13 / 05.10.2024
«Реал» ноқулай рақибга қарши, тен Ҳагнинг тақдири тикилган ўйин, Бундеслигада пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси
18:27 / 15.09.2023
«Бавария» пешқадамга қарши, Миланда дерби, «МЮ» ва «Реал» учун жиддий синов
16:28 / 01.01.2022
Лондонда устоз-шогирд тўқнашуви, «Челси» - «Ливерпуль», «Реал» ва «Барса» учун жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси
17:15 / 06.11.2021