2022 йилнинг илк кунлари – шанба ва якшанбада Европа миллий чемпионатлари орасидаги энг етакчи икки лига – Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигасида тур ўйинлари ўтказилади. Tribuna.uz дам олиш кунларида гранд клублар иштирокидаги қуйидаги 5 қарама-қаршиликни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади.

1 январь (шанба)
АПЛ. 21-тур
АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Ўйин бошланиш вақти: 17:30
ТВ-трансляция: FutbolTV

Кўҳна қитъада янги йилнинг илк ўйини Лондонда ўтказилади. «Эмирейтс» ўйингоҳида Премьер-лиганинг айни дамдаги энг яхши спорт формасида бўлган икки жамоаси - «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўзаро тўқнашади. Устоз ва шогирд саналмиш Гвардиола ҳамда Артетанинг тўқнашувларида Пеп АПЛда Микелдан ҳар доим устун келган бўлса-да, бу сафар «шаҳарликлар»ни яққол фаворит сифатида кўрсатиш қийин. Зеро, «Арсенал» кетма-кет 5 ўйинида 5та ғалабага эришди. Ушбу ўйинлардаги голлар нисбати 19:2 эканлигини инобатга олсак, Артета шогирдлари испаниялик мураббий қўл остидаги энг яхши спорт формасига кирганини кўрсатмоқда. Икки ой олдин турнир жадвалида 10-ўринларда юрган «канонирлар» ҳозирда 4-ўрингача кўтарилишга эришишди.

Фото: Getty Images

АПЛда «Арсенал»дан кўра каттароқ ғалабали серияга эга бўлиб турган ягона жамоа - «Манчестер Сити»дир. Гвардиола шогирдлари турнирда кетма-кет 10та ғалабага эришиб, жадвалда 8 очколик фарқ билан яққол пешқадамга айланган. «Шаҳарликлар» сўнгги 4 ўйинда рақиблар дарвозасига нақ 18та (!) гол киритишди. Таққослашингиз учун, 8-ўриндаги «Вулверҳемптон» бу мавсум АПЛда 13та гол киритган.

«Арсенал» АПЛ доирасида сўнгги марта 2015 йилда «Сити»ни мағлуб эта олган. Шундан буён 6 йил давомида ўтаётган учрашувларнинг иккитасида дуранг қайд этилган бўлса, қолган барча баҳсларда манчестерликларнинг қўли баланд келган. «Арсенал»нинг айни дамдаги ҳолатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Лондон клуби ҳозирда 7 йиллик нохуш анъанасини бузишга ҳар қачонгидан яқинроқ.

2 январь (якшанба)
АПЛ. 21-тур
ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛЬ 
Ўйин бошланиш вақти: 21:30